Сўнги мақолалар


ЕРДАН ОҚИЛОНА ВА САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНАЙЛИК!

Аллоҳ таоло ўзини ҳикмати билан инсонни яратиб уни халқ қилган, барча нарсадан улуғ ва мукаррам айлади. Ҳаёт учун зарур бўлган барча нарсаларни халқ қилди, ер юзида ҳаёт асоси бўлган сувни осмондан қудрати ила нозил қилди ва у орқали ҳамма жонзот ва набототга ҳаёт берди. (Наҳл сураси 10-11 оятлар). У осмондан Сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган Зотдир. (Ҳайвонларингизни) Боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У Сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундурур. Албатта бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир. Ҳаммамизга маълумки деҳқону боғбонлар йил давомида қилган машаққатли меҳнатларини ҳосилини оладилар, бу меҳнат билан бўлади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзилар унумдор ерга эга бўлиб, уни қаровсиз ҳолда қолдириб, на ўзлари ва на бошқалар ундан фойдаланмаётганига гувоҳ бўламиз. Мана шундай қилиш ҳам ерни исроф қилиш ва ҳаққини адо қилмасликка киради. 2021 йил 8 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан муҳим бир Фармон имзоланди. Унга кўра ер ресурсларидан унимли фойдаланиш, уни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларига бутунлай чек қўйиш белгиланган. Дарҳақиқат, ер, сув, кўчат ва бошқа деҳқончилик билан боғлиқ нарсаларни исроф қилмаслик, авайлаб ва эҳтиёт қилиб фойдаланиш зарур эканини унутмаслигимиз лозим. Мана шу ўринда, баъзи кишилар онгида шаклланиб қолган моддий бойликлар, жумладан ер ҳам “давлатники бўлса, хоҳлаганча фойдаланиш, талон-тарож қилиш мумкин”, деган нотўғри тушунчалар ниҳоятда хатарлидир. Чунки давлат мулки – халқ мулкини ноҳақ эгаллаш, якка шахс мулкини эгаллашдан гуноҳи каттароқ бўлади. Зулм қилган бўлса, бир кишини топиб рози қилиш мумкин, лекин халқнинг ҳаққига хиёнат қилса, миллионлаб одамларни қандай рози қилади?! Хулоса қиладиган бўлсак, динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар. Одатдаги ва хурсандчилик кунлари, айниқса ҳайит кунлари ўзаро зиёратлашиш, ҳадялар алмашиш, олисда бўлса, телефон ёки интернет ёрдамида ҳол-аҳвол сўраш одамга катта савоб келтиради. Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратди, унга саноқсиз неъматларни, тугалмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлар билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигини кафолатини берди. “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”. (“Иброҳим” сураси, 34-оят)Шукрнинг яна бир ифодаси неъматларни тил билан гапиришдир. “Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (“Зуҳо”сураси 11-оят). Оятга биноан Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш шаръан матлубдир. “Раббингиз неъматларини эсланг” оятидан “уни шукрини адо қилинг, уни таъсирини кўрсатинг”, дейилгани ҳолда, буюк бир одоб таълим берилмоқда. У ҳам бўлса неъмат ҳақида гапириш ва уни кўрсатиш, олийжаноблик, сахийлик, неъматдан унумли фойдаланиш каби гўзал аҳлоқлар билан хулқланишга қизиқтирилмоқда, аксинча, очкўзлик, неъматни исроф қилиш, разолатидан қочиш, яъни неъматни яшириш, ўзида тутиб туриш ва шикоят қилишдан қайтармоқда. Аллоҳ таоло ерларимизга, зироатларимизга барака ато қилсин, элимизни юртимизни турли балои кулфатлардан, касалликлардан омонда сақласин, Ўзи суюкли солиҳ бандаларидан қилсин. Х.Кенжаев Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Батафсил
ПРОЗЕЛИТИЗМНИ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ

Миссионерлик билан бевосита боғлиқ “прозелитизм” тушунчаси, юнонча- ргоsеlitos—янги мазҳабни қабул қилган киши, яъни бошқа мазҳабдагиларни, аввало, мусулмонларни христианликка киритиш, яъни ўзигахос “Салб юриши”. Прозелитизмнинг асосий мақсади дунёга христианликни (масиҳийликни) миссионерлик йўли (лотинча missio-топшириқ) билан ёйиш, кишиларни унга ўтказиш бўлиб, бунда мазкур дин бутун инсоният учун бирдан-бир халоскор дин сифатида тарғиб ва ташвиқ қилинади ва бунинг учун энг замонавий информацион технологик восита, усуллар ишга солинади. Бунда кишилар руҳияти, онгига психологик, нейролингвистик таъсир кўрсатишга алоҳида эътибор берилади. Юқорида келтирилган фикрларга асосланиб хулоса қиладиган бўлсак, турли манба ва адабиётларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшашдир. Умуман олганда “Миссионерлик” — бу бир динга эътиқод қилувчи халқлар, элатлар, миллатлар орасида бошқа бир динни ҳар хил ижтимоий восита ва омиллар орқали тарғиб қилиш ва сингдиришга қаратилган хавфли сиёсий фаолиятдир. Чунки унинг бугунги кунгача бўлган даврдаги яширин моҳияти хавфли сиёсий фаолият эканлигини кўрсатиб, бир қанча давлатларда йиллар давомида сиёсий беқарорликни келтириб чиқарган. Ҳозирги кунда миссионерлик ҳаракати фуқаролар ўртасида ижтимоий муносабатларнинг кескинлашувига олиб келиб, улар ўз ташкилий асосларини яратишда асосан нашриётлар, хайрия, тиббий ёрдам кўрсатиш ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари мақомидан фойдаланиб, баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида фаолият юритмоқда ва одатдагидек миссионерлар қароргоҳи ҳудудида черков, кичик бутхона ёки масжид, миссионер-монахлар ётоқхонаси жойлашган бўлиб чиқмоқда. Миссионерларнинг кўзлаган мақсадлари фақат сиёсий бўлиб, бугунда демократияга оид оддий бир мисол бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган, жуда катта сиёсий найранглар ётибди ва бу найранглар қуйидаги ёвуз мақсадларда яширингандир. Биринчидан,анъанавий мусулмон бўлиб келган, мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихий илдизи бир хил бўлган (аслида, мамлакатимизни куч-қудрати ҳам шунда!) халқимизнинг юрагини парчалаб заифлаштириш ва пароканда қилиш ҳамда турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймаслик. Иккинчидан, юртимизни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Учинчидан, иложи борича, баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириб, келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлиниш(сепаратистик) ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда мамлакатни парчалаб ташлаш. Тўртинчидан, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Виждон эркинлигини таъминлаш” каби сиртдан чиройли шиорлар ниқоби остида оддий суд-прокуратура органларидан тортиб то давлат раҳбари ишларигача аралашиш ва мустақил давлат бошқарувига йўл қўймаслик. Бешинчидан,жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий бир вазиятни вужудга келтириш; турли-туман матбуот органлари ва нодавлат ташкилотлар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоячиси қилиб кўрсатиш ва халқ «дарди»ни айтиб, давлатга қарши гиж-гижлаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чоралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва давлат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш. Кўриб турибмизки, миссионерлар амалга ошираётган ишлар динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси бўлмай, балки бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режалаштирилган найранг услубларидир. Муаммо нафақат диний, балки сиёсий кучсизлантиришга қаратилганлиги билан хавфли ва ташвишлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдор бўлиб, уларнинг қилмишлари шу нуқтаи назардан баҳоланиши ва чора-тадбирлар ҳам шунга кўра белгиланиши лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлод учун кучли, озод ва обод Ватанни эмас, балки халқининг руҳи-дили бир-бирига бегона ва шу боис қатор муаммолар гирдобига ғарқ бўлиб, парокандалик, маънавий зиддиятлар авж олган, заиф ва қарам бир ўлкани тақдим этишимиз эҳтимолдан холи эмас! Умуман, ҳозирги кунда миссионерлик ҳаракати ривожланишида янги аср бошида пайдо бўлган диний сектачиликнинг ҳам ўрни катта бўлиб, секталар халқаро нодавлат ташкилотлар сифатида фаолият юритаётгани, уларнинг фаолияти ҳар хил алоқа тизимлари (Интернет, телефон, телевидение, радио ва бошқа замонавий алоқа воситалари) орқали турли хил мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётгани, ҳамда маблағларни керакли жойга етказиши учун қийинчиликларнинг деярли йўқлиги сабаб бўлмоқда. Диний секталар ва уларнинг ҳомийлари катта-катта маблағлардан у ёки бу мамлакатда коррупцияни кучайтириш, сиёсий ва иқтисодий вазиятни издан чиқариш, сохта инсонпарварлик ёрдамлари орқали жойларда ўз мавқеларини ошириш ва таъсир доираларини кенгайтиришда фойдаланмоқда. Миссионерлик ва прозелитизм глобаллашув жараёнида маънавий-мафкуравий таҳдид воситаси бўлиб, аввало, жаҳондаги муайян кучларнинг геополитик мақсад ва манфаатларига йўналтирилган холда олиб борилмоқда. Иккинчи томондан, халқнинг миллий маънавияти, урф-одат ва анъаналари, миллий менталитети диний таълимот сифатида шаклланган бўлиб, миссионерлик ва прозелитизм халнинг миллий ўзлигидан бегоналашувига, манқуртлашувига, давлатнинг ички ҳаётида миллий, диний, ижтимоий зиддиятларнинг чуқурлашувига сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш жараёнларида миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларини фуқаролар онги – тафаккурига сингдиришга, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришга муҳим эътибор берилмоқда. Юқоридагилардан маълумки Миссионерлик ва Прозелитизм азалдан ислом дини ва исомий қадрятларга бешик бўлган бизнинг юртимизнинг тинчини бузишга қартилган ғаразли мақсадларининг биридир. Биз бундан огоҳ бўлмолигимиз ва ўз динимиздан оғишмаган ҳолда мустаҳкам туриб ёшларни ҳам бундай ғоялар тасирига тушиб қолишларидан сақлашимиз зарур. Зеро эртанги кун, келажагимиз эгалари ёшлардир. Улар тўғри йўлдан боришлари эса давлатимиз келажагининг кафолатидир. А.Матяқубов Урганч шахар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби

Батафсил
ОИЛАДА ОТА-ОНА ВАЗИФАСИ

Дунёда ота-она энг улуғ зотлар ҳисобланади. Чунки улар ўз фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бағишлайди. Фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетгандан кейин ҳам у ҳақда қайғуришдан тўхтамайди. Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб, оқ тарайди. Умуман, фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Ҳатто бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш ва шу каби нарсалардан маҳрум бўлсалар ёки кечалари уйқудан қолсалар ҳам. Бугун ёшларимиз бахтли, чунки уларнинг ота-оналари бошида, улар учун керакли нарсаларни ортиғи билан олиб бермоқда. Тўғри, бу ишлар ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади. Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Тан олиш керакки, баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?! Бир одам ўғли билан бирга ҳазрат Умар (р.а.)нинг ҳузурига келди: “Бу ўғлим, менга итоат этмайди”, дея шикоят этди. “Аллоҳдан қўрқмайсанми, нега ота-онангга қарши чиқасан? Ота-онанинг фарзандда жуда кўп ҳақлари бор”, дея ҳазрати Умар ўсмирни огоҳ этиб, танбеҳ бердилар. “Эй мўминлар амири, боланинг ҳам отада бирон ҳаққи борми?” дея сўради ёш йигит. “Ҳа, бор. Аввал яхши хотинга уйланиши, бола туғса, яхши исм қўйиши, унга Қуръони каримни ва фарз ибодатларини ўргатиши, уйланадиган ёшга етгач уйлантириши – боланинг отасидаги ҳақларидандир”, дедилар ҳазрати Умар. “Аллоҳга қасамки, отам мусулмон аёлларни қолдириб, 400дирҳамга сотиб олган бир чўри билан турмуш қурди. Менга яхши исм қўймади. Исмимни қурт – ҳашорат маъносида Жуҳла деб қўйди. Менга Қуръони каримдан ва ибодатлардан ҳеч нарса ўргатмадилар”, деди. Буни эшитган ҳазрати Умар ўсмирнинг отасига қараб: Ўғлим менга итоат этмайди, дейсан. Ҳобуки, у сенга қарши чиқишдан аввал сен уни ҳақларини топтаб, фарзандинг олдидаги вазифаларингни адо этмабсан-ку. Энди бор, аввал ўз вазифаларингни бажар, — дея ҳалиги кишига танбеҳ берган экан. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши керак. Шунинг учун халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз айтилмаган. М. Абдуллаев Урганч шаҳар «Охун бобо» масжиди имом-ноиби

Батафсил
Вақт зиммамиздаги улкан ғаниматдир

Мусулмонларнинг энг гўзал сифатларидан бири вақтни қадрлаш бўлиши керак. Вақтни қадрлаш, ундан унумли фойдаланиш ақл устига бино қилинган динимизнинг талабидир. Одатда ноннинг бутуни эмас, ушоғи кўп увол бўлади. Одамлар вақтинг ҳам сония ва дақиқаларини кўп исроф қиладилар, йилларни эмас. Аммо соатлар, кунлар, хафталар, ойлар, йиллар ўша сониялар ва дақиқалардан ташкил топади-ку! Вақт зиммамиздаги улкан ғаниматлардан биридир. Берилган неъматларни ўрнида ишлатишга буюрилганимиздек умрни динимиз амрларига муофиқ тасарруф қилишга масъулмиз. Вақтнинг хақийқий эгаси Аллоҳ таолодир. “Кеча ва кундуз (миқдори) ни белгилар…” (муззаммил 20). Ғафлат аҳли доимо айбни ўзидан эмас, балки замона нобоплигидан, муҳит ёмонлигидан қидиради, шикоят қилишдан нарига ўтолмайди. Замонни сўкиш бундайлар учун эрмакка айланиб қолади. Ҳолбуки, айб ўзимизда, замонни айблашга ҳаққимиз йўқ. Аллоҳ таоло қиёматда қайси асрда дунёга келганимиз хусусида саволга тутмайди. Балки бизяшаган замон имконлари доирасида умримизни қандай ўтказганимиз хақида сўрайди. Вақтнинг баракасизлигидан, замон нобоплигидан шикоят қилувчилар, бирор ҳарли иш қилишга вақт тополмаётганларнинг арзу додида фақат бир нарсани кузатиш мумкин, у хам бўлса, ғафлат ва залолат. Демак, бизнинг вазифамиз умрдан унумли фойдаланиш. Сониянинг хаққини беролмаган дақиқанинг ҳам ҳаққини беролмайди. Вақтнинг узун ёки қисқа бўлиши кишининг тасаввури ва шаҳсий қараши, ундан унумли фойдаланиши ёки беҳуда исроф қилишга боғлиқдир. Қуръони каримда бир куннинг эллик минг йилга (Маориж 4), баъзан эса минг йилга (Ҳаж,47)ҳақида хабарлар бор. уч юз йил ғорда ухлаган Асҳоби Каҳф уйғонгач, бир кун ёки ярим кун ухладик, деб ўйлашади. “Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун уларни шу иарзда уйғотдик. Улардан бири деди: “Қанча (уҳлаб) турдингиз?” Улар(нинг айримлари ): “Бир кун ёки ярим кун”, дедилар ” (Каҳф 19). Аслида бирор нарса қанча кўп бўлса, қадр-қийматини ҳам шунча тез йўқотади. Аммо вақт ундай эмас, у қадрсизланмайди. Юз йил қанча қимматбахо бўлса, бир дақиқа қадри ҳам ундан кам эмас. Вақт худди сув мисолидир. Инсон қалби имно йўлчи юлдуз каби доимо порлпб турсин дейди. Инсон доим ўтган кунларни соғиниб, келажак ҳақида орзу қилиш билан овора бўлмасдан, балки ҳозирги, қўлидаги сония, дақиқа ва соатларнинг қадрига етмоғи лозим. Абдуллаев Мусо Урганч шаҳар “Охун бобо” Масжиди имом ноиби

Батафсил
МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Азал-азалдан она юртимизда ислом, насронийлик, буддавийлик каби динлар ёнма-ён яшаб келган. Асрлар давомида йирик шаҳарларда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажриба тўплаганидан далолат беради. Ватанимиз хусусида диний бағрикенглик олиб қарайдиган бўлсак, бу ўлкага ислом кириб келмасдан аввал зардўштийлик, буддавийлик, монийлик. христианлик, маздакийлик, шомонийлик каби динлар мавжуд бўлган. Ҳозирги даврда динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорлар, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қолаверса, диний бағрикенглик ҳаммамизга аждодларимиздан қолган анъанадир. Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларга имон келтиришни фарз қилишлик билан бирга ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди. Шунингдек, ислом дини бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний ақидавий масалаларига аралашмасликни, ҳамда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди. Умуман олганда Қуръони каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани диннинг шарофатидандир. Диний эътиқодларнинг моҳияти умумий эканига қарамасдан, динларнинг кўриниши хилма-хилдир. Дунёда жуда содда, қадимий динлар билан бир қаторда, умумжаҳон аҳамиятга молик, мураккаб, жаҳон динлари ҳам мавжуд. Улар тарихий заруратга қараб, турли даврларда вужудга келган. Чунки дунёдаги динларинг барчаси эзгулик ғоясига асосланади ва яхшилик, тинчлки, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Ўзбекистон ҳукумати одилона, диний бағрикенглик сиёсатини олиб бормоқда. Республикада ислом билан бир қаторда 15 та диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда Фуқароларнинг миллати, дини, ирқидан қатъий назар барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Маълумки, миллатлараро муносабатлар миллатлар, этник гуруҳларнинг ўзаро ва турли миллат вакилларининг шахслараро алоқаси, муносабатидек икки шаклда мавжуд бўлади. Миллатлараро муносабатдаги барқарорлик ўз-ўзидан юзага келмайди. Мамлакатимизга татбиқан олинганда эса, миллатлараро муносабатларнинг тенгҳуқуқлиликк, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамкорликка асосланган ўзига хос ҳолати – миллатлараро тотувлик қарор топганини алоҳида қайд этиш лозим, бошқача қилиб айтганда, оқилона ташкил этилган миллий сиёсат натижасида муайян кучлар аланга олишидан манфаатдор бўлган, мустабид тузум даврида дарз кета бошлаган этник муносабатлар истиқлол туфайли мутлақо янги асосда ривож топди.

Батафсил
ДИНИМИЗ ҚАРИНДОШЛИК РИШТАЛАРИНИ МУСТАҲКАМ ҚИЛИШГА БУЮРАДИ

Бирор инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзича яшай олмайди. Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, бошқалар билан аҳил, тотув яшашга мажбур. Бу эса, кишилик жамиятининг ажралмас қонунидир. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг муҳими, энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади ва шу нарса орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”. Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”). Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди: “Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”. Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим). Бирон-бир киши: “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришдан қайтарганлар. Уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир” Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки бунинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”. Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни Ўзи буюргани, аммо шунга қарамай айримлар бу алоқаларни кесиб, ер юзида бузғунчилик қилишларини қоралаб, бундай дейди: “Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир”. Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюргани ҳолда гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Оқибатда улар жаннат юзини кўришмайди.

Батафсил
ИСЛОМ ТИНЧЛИК ДИНИ

Ислом дини инсонларни зулматлардан нурга чиқаргувчи,залолатдан ҳидоятга етказгувчи ва одамларни икки дунё саодатига элтгувчи охирги ва мукаммал диндир. Шунингдек, тинчлик тушунчаси мақаддас Қуръони каримнинг бош мавзуларидан бири ҳамдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирган бандалар! Барчангиз тамомила тинчлик ва итоат йўлига киринглар!». Инсон зиммасидаги энг олий мажбуриятни адо этмоқлиги учун унга, албатта, тинч ва осуда шароит зарур. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантирган. «Ислом» сўзининг ўзи ҳам араб тилидаги «салам» калимасидан олинган бўлиб, «тинчлик» деган маънони англатади. Демак, Ислом дини тинчлик ва дўстлик динидир. Афсуски, ҳозирда динни ниқоб қилиб ўзларининг манфур ниятларини амалга оширмоқчи бўлаётган оқим аъзолари жиддий мажароларни, зиддиятларни келтириб чиқариши, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги инсониятни чўчитаяпти. Шундан дарак берувчи фикрлар анча мунча тўпланиб қолган. Ўзбекистоннинг мустақилигини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги нуқтаи назаридан қараганда, бу ҳодисалар бизда ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда. Экстремизм ва терроризм бизнинг минтақамиз учун хавф-хатарларни бевосита таҳлил қилишга киришишдан аввал эътиборни одамларнинг диний эътиқодлари билан боғлиқ ҳар қандай муаммо ғоят нозик эканлигига, уларнинг диннинг маънавий қадриятлари билан шиорлардан, хусусан исломни қайта тиклаш шиоридан фойдаланаётган муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарурлигига қаратишни истардик. Кейинги пайтларда ёшларимизнинг бошқа давлатларга чиқиб ишлаб келмоқдалар албатта ўз оиласига моддий манфаат келтирган яхши аммо бугун чет элларда сарсон саргардон бўлиб юрганлар қанча.Уларнинг курган моддий фойдаларидан кўра маънавий зарарлари кўпроқ булмоқда.Баъзи бир аёллар ўзга юртларда фохишалик қилиб юрганлари бу миллатимиз учун айни исноддир.Бундан ҳам ачинарлиси шуки баъзи юртдошларимиз эстремистик оқимларга қўшилиб кетаётганлиги ҳар бир виждонли кишини ташвишга солади. Динимизни ва ватанимизни ҳимоя қилиш фарзандларимизда маънавий химояни кучайтиришимиз динимизнинг тинчлик ва меҳр оқибат дини эканлигини уларнинг онгига чуқур сингдиришимиз билан бўлади.Аслида Ислом сўзининг моҳияти нима эканлигини,бу дин нафақат инсонларга балки борлиқдаги ҳамма нарсага яхшилик назари билан қарашга буйуради. Баъзи фитнакор ва ғаразгой кишилар тарифлаганидек ислом деганда уруш ва қурол тушунилмайди.Балки Исломнинг маъноси тинчлик демакдир. Агар мантиқан ўйлаб кўрадиган бўлсак ҳам Ислом Аллоҳ таъолога тўлалигимизча таслим бўлиб бўйин сунмоқ,итоат этмоқ мавъносини ифода этсаю бунга амин бўлган ва Аллоҳга таслим бўлган киши қандай қилиб инсонларга зарар бера олади ёки бир миллатнинг тинчлигига раҳна сола олади.Ахир дини унга:Қўлидан ва тилидан муслмонлар омонда бўлган киши ҳақиқий мўминдир деб таълим бериб турган бўлса.Қандай мусулмонки мусулмонлар ичига фитна уруғини сочса,уларнинг тинчлигига раҳна солса ва эътиқодига зарар берса. Ҳулоса қиладиган бўлсак динимиз таълимотини яхши ўрганган мўмин киши динимизнинг бутун дунёга тинчлик исташини,бундайин тинчлик севар дин йўқлигини ва динимизнинг таълимотларини бошқача ғараз ниятда тариф бераётганлар аслида динимизга зарар бериш ва унинг обросини тушуришни кўзлашаётганини билиб олиш қийин эмас.

Батафсил
САБРНИНГ ФАЗИЛАТИ

Инсоният яратилибдики, турли синовларни бошидан кечириб келмоқда. Бугун халқимиз бошига тушган бу синовлар барча мўмин–мусулмоларни огоҳ бўлишига ҳамда бу мусибатларни чиройли сабр ва матонат билан енгиб ўтишга чорлайди. Аслида инсон Аллоҳдан соғлик, тинчлик сўраб доимо дуода бўлади. Шундан кейин ҳам бошига тушган турли синовларга сабр қилади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бирор бандани яхши кўрадиган бўлса, уни чораси йўқ мусибат билан имтиҳон қилади. Агар у рози бўлса, Аллоҳ уни Ўзи танлаб олган бандаларидан бири қилиб қўйади” деганлар. Демак инсонга мусибат етганда Аллоҳ таоланиниг қазои қадаридан рози бўлиб, савобидан умидвор бўлган холда матонат билан ўзини қўлга олиши энг гўзал сабр экан. Бугунги кунда бутун дунёда ўзининг ёмон оқибатлари ила инсонлар тинчлигини бузиб келаётган корона вирус пандимияси бизнинг юртимизда ҳам кезмоқда. Бу ҳам бир Аллох таоланинг бир синовидир деб қараб унинг учун чиройлик сабр қилиб албатта чиройлик сабр билан енгишимиз керак. Бунинг учун ўзимизнинг шахсий гигеник қоидаларимизга амал қилишимиз шу билан бирга карантин қоидаларига сабр билан қатъиян амал қилишимиз лозим. Сабр гўзал сифат бўлиши билан бирга аслида унга чидаш жуда мушкулдир. Чунки инсон бошига келган ҳаёт қийинчиликларига инсоният ҳар доим ҳам бардош бера олмайди. У синовлар олдида баъзан букилиб қолади. Бу ҳаётда инсон борки ҳаёт имтиҳонларига дуч келмай қолмайди. Бу ташвишли онларда унга сабр қилса ҳам, қилмаса ҳам ҳаёт давом этаверади. Аммо сабр қилганлар улкан ажрларга эга бўладилар.Руҳий тарбия устозлари, қийинчилик пайтида ўзингни ўзинг уриб ҳалок қилмагинда сабр қилиб тургин дейди, қийинчилик ҳолатига тушиб қолганингда бардошли бўл дейди. Қуръони каримда сабр жуда ҳам юқори даражада мақталган. Сизу – бизни ҳар бир кишини доимо сабрга чақириб келган. Аллоҳ таоло: “Албатта Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради” -деб марҳамат қилган. Ким сабрли бўлса Аллоҳ таолонинг мухаббатини қозонади. Қуръону каримда сабрни улуғлашда , сабрни ниҳоятда олий мақом бир сифат эканлигини баён қилишда 105 та оят келган. Пайғамбарларнинг барчалари сабрда энг катта ўрнак кўрсатган зотлар хисобланадилар. Қайсики мўмин –мусулмон бунда сабрли бўлса буюк анбиё ( а.с.) лар йўлидан юрган бўлади.Ибн Умардан ( р.а.)ривоят қилинади: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламдан сабр хақида сўралганда шундай деганлар. : “Сабрнинг тури учта. 1) Аллоҳ таолонинг тоатини бажо келтиришдаги сабр. 2) Аллоҳ таолога маъсият бўладиган нарсалардан четланиш йўлида қилинадиган сабр. 3) Аллоҳ таолодан етган мусибатларга сабр.” Биринчи сабр- бу буюк сабрдир. Ҳақиқатда Аллох таолога соф имон –эътиқодда бўлиш, ибодатда бўлиш, амали солиҳлар қилиш буюк сабр талаб қилади. Иккинчи сабр- Аллох таолонинг ман қилган нарсаларидан тийилиб туриш. Бу сабр ҳам худди ибодатдаги каби мўмин – мусулмондан катта сабр талаб қилади. Чунки ман қилинган нарсаларнинг кўпини инсоннинг хавои–нафси истайди. Шайтонилаин уни тарғиб қилади. Банда булардан ўзини тийиб туриши фақат буюк сабр билангина юзага чиқади. Шаҳват, молу–дунёнинг мухаббати, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик ва бошқа кўпгина нарсалар борки инсон сабр қилсагина ана шуларга харом бўлганлиги учун нафсини тийганлар, гуноҳдан сақланганлар, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръону каримда кўп ваъдаларга соҳиб бўлишлари баён қилинган. Учунчи сабр – мусибатларга сабр қилиш. Бу ҳам олдингиларидек бандадан улкан сабр талаб қилади. Мўмин –мусулмонга етган ҳар қандай мусибатга сабр қилиши Аллох таолонинг амридир. Сабрсизлик мўмин – мусулмонга хос нарса эмас. Мусибат ҳар–хил бўлади. Бу борада Аллох таола марҳамат қилади: “Таъкидлаб айтаманки албатта биз сизларни баъзан бир оз қўрқинч ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз (Эй Мухаммад) Сабрлиларга башорат беринки; уларга мусибат етганида: Бизлар албатта Аллохникимиз ва албатта унга қайтамиз “дейишади. Ана шуларга Парвардигорларидан мағфиат ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлар”. (Бақара сураси 155-157 оятлар). Аллох таоло барчаларимизни ҳаёт йўлидаги машаққатларга синовларга сабр қилувчи ва қилган сабрлари учун ажр мукофот оладиган бандалардан қилсин. Сабр ўзи аччиқ, лекин натижаси дори кабидир. Аллоҳим бизга гўзал сабр ато этсин.

Батафсил

Маълумот

Масжид имом-хатиби: Исмоилов Рахматилла (2013), Кенжаев Хасанбой (2014)

Масжид манзили: Урганч шахар, Мустакиллик куча 6 уй

Масжидга олиб борадиган транспортлар: Автобус: 5,7