МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

2021 06 11

Азал-азалдан она юртимизда ислом, насронийлик, буддавийлик каби динлар ёнма-ён яшаб келган. Асрлар давомида йирик шаҳарларда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажриба тўплаганидан далолат беради. Ватанимиз хусусида диний бағрикенглик олиб қарайдиган бўлсак, бу ўлкага ислом кириб келмасдан аввал зардўштийлик, буддавийлик, монийлик. христианлик, маздакийлик, шомонийлик каби динлар мавжуд бўлган. Ҳозирги даврда динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорлар, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қолаверса, диний бағрикенглик ҳаммамизга аждодларимиздан қолган анъанадир. Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларга имон келтиришни фарз қилишлик билан бирга ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди. Шунингдек, ислом дини бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний ақидавий масалаларига аралашмасликни, ҳамда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди. Умуман олганда Қуръони каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани диннинг шарофатидандир. Диний эътиқодларнинг моҳияти умумий эканига қарамасдан, динларнинг кўриниши хилма-хилдир. Дунёда жуда содда, қадимий динлар билан бир қаторда, умумжаҳон аҳамиятга молик, мураккаб, жаҳон динлари ҳам мавжуд. Улар тарихий заруратга қараб, турли даврларда вужудга келган. Чунки дунёдаги динларинг барчаси эзгулик ғоясига асосланади ва яхшилик, тинчлки, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Ўзбекистон ҳукумати одилона, диний бағрикенглик сиёсатини олиб бормоқда. Республикада ислом билан бир қаторда 15 та диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда Фуқароларнинг миллати, дини, ирқидан қатъий назар барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Маълумки, миллатлараро муносабатлар миллатлар, этник гуруҳларнинг ўзаро ва турли миллат вакилларининг шахслараро алоқаси, муносабатидек икки шаклда мавжуд бўлади. Миллатлараро муносабатдаги барқарорлик ўз-ўзидан юзага келмайди. Мамлакатимизга татбиқан олинганда эса, миллатлараро муносабатларнинг тенгҳуқуқлиликк, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамкорликка асосланган ўзига хос ҳолати – миллатлараро тотувлик қарор топганини алоҳида қайд этиш лозим, бошқача қилиб айтганда, оқилона ташкил этилган миллий сиёсат натижасида муайян кучлар аланга олишидан манфаатдор бўлган, мустабид тузум даврида дарз кета бошлаган этник муносабатлар истиқлол туфайли мутлақо янги асосда ривож топди.

З.Рахматуллаев
Боғот тумани “Бежганик бобо” масжиди имом-хатиби