УРГАНЧ ШАҲАР «ОҲУН БОБО» МАСЖИДИ ҲАҚИДА

      2017 йил январь ойида Муҳтарам Президентимиз Хоразм вилоятига ташрифлари давомида ушбу масжид пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб, масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар бериб, фикр-мулоҳазалар билдирган эди. Орадан бир ярим йилдан ошиқроқ вақт ўтгач, хайрли иш ниҳоясига етди. Умумий майдони 2,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт–шароитлар муҳайё қилинди. 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Муфтий ҳазратлари янги масжидга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этилганига алоҳида эътибор қаратдилар. Масжидга жам бўлганлар она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.

      Урганч шаҳрининг қоқ марказида Охун бобо деб аталувчи қабристон, кичикроқ мақбара ва унинг ёнида жоме масжиди бор. Шу ўринда мазкур зиёратгоҳ ва жоме масжидига номи берилган зот ҳақида бироз маълумот келтиришни маъқул топдик. Мақбарада иккита қабр мавжуд бўлиб, катта қабр Ниёз Муҳаммад Охундга, иккинчиси Дошқинжон бобога тегишли.

      Ниёз Муҳаммад Охунд (Хоразмда Охунд сўзи Охун кўринишида ишлатилади) ҳазратлари Бухоро хонлигининг Қоракўл беклиги ҳудудида дунёга келган. Таваллуд санаси номаълум. Отасининг исми-шарифи мулла Мирзо Муҳаммад Мурод бўлиб, у кишининг боболари дини Исломни ёйиш, мўминларни ҳидоят йўлига бошлаш мақсадида бу заминга келиб, ватан тутганлар. Ниёз Муҳаммад Охун шажараси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Тарихчи Фазлий «Мақомати Охун бобо» рисоласида у зотнинг нақшбандий тариқатидаги етук шайх, илм-фан сирларини эгаллаган аллома эканлигини таъкидлайди.

      Ниёз Муҳаммад Охун Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида етти йил таҳсил олади, сўнгра ўн икки йил давомида ўз даврининг етук уламолари қўлида тасаввуфдан сабоқлар олиб авлиё даражасига етишади. Бир куни эрта тонгда устози Ниёз Муҳаммадни ҳузурига чорлаб, шогирдлик даври тугагани, энди дини Ислом йўлида мустақил қадам қўядиган фурсат келганини айтиб, шогирдини ўша даврда гуллаб-яшнаган Хива хонлиги сари боришга даъват этади.

      Устозидан оқ фотиҳа олган Ниёз Муҳаммад Охун дарҳол сафарга отланади. Борар манзили, тунар макони бўлмаган Ниёз Муҳаммад Хоразмда дарё қирғоғида бир ертўла қазиб, шу ерда яшай бошлайди. Янги манзилга келгач ўз тирикчилиги учун бўз тўқишни ихтиёр этади. Айни пайтда, яқин атрофдаги қишлоқларда яшовчи кишиларни хидоятга бошлайди, улар ҳузурида Ислом динининг эзгуликка йўғрилган мўътабар таълимотларини кенг тарғиб қила бошлайди, тезда етук авлиё экани барчага маълум бўлиб қолади.

      1767 йилнинг баҳорида Хива хони Шерғозийхон хонликдаги барча авлиёю киромларни машваратга чорлаб, дин, эл-улус, раият ҳақида бир қанча мунозарали саволларни ўртага ташлайди. Тўпланган уламолар қанчалик тортишишмасин, бир қарорга келишолмайди. Шунда хон вазири акбардан машваратга келмаган бирор аллома, авлиё қолдими, деб сўрайди. Маьлум бўлишича, Урганч қалъаси яқинидаги Дўрмон қишлоғида яшаётган Ниёз Муҳаммад Охун машваратга келмаган экан. Хон кейинги сафар уни албатта топиб келишни буюради.

      Ниёз Муҳаммад Охун хон саройидаги машваратда тортиниб-қимтиниб пойгакда ўтиради. Даврада бир баҳсли савол ечими устида узоқ тортишув бошланади. Ечим топилмайди, айтилган мулоҳазалар хонни қониқтирмайди. Шу пайт Ниёз Муҳаммад Охун сўз олиб, ўз фикрларини ҳам диний, ҳам дунёвий илмларга асосланган ҳолда баён қилади. Хон бу мулоҳазалардан ғоят хурсанд бўлади, Ниёз Муҳаммад Охунга Ўрта ва Юқори Дўрмон қишлоқларидан анча ерларни мулк қилиб беради.

      Ниёз Муҳаммад Охун узоқ умр кўриб, ҳижрий 1187 - милодий 1773 йилда дунёдан ўтади. Авлиё бобо вафот этганида Урганч қалъаси бунёд этилганига эндигина бир асрдан ошганди. Шаҳарнинг қалъаси нисбатан ғарброқда бўлган. Ҳозирги Охун бобо масжиди жойлашган манзил эса шаҳар атрофидаги қишлоқлардан бири эди. Улуғ авлиёга шу манзилда кичикроқ мақбара тиклашган, унга қўл берган кишилар, қишлоқ аҳли пири комили йонида ётишни васият қилишган. Шу тахлит Охун бобо номидаги қабристон пайдо бўлган. Сал кейинроқ қабристон ёнида кўримсизгина масжид ҳам қурилган. Бу масжидлар лойдан тиклангани боис ердан зах чиқиб, қисқа фурсатда нураб битган ва ўрнида яна бошқа масжид қураверишган.

      Шўролар даврида бу ердаги масжид қаровсиз қолиб, заволга юз тутган. Фақат ўтган асрнинг иккинчи ярмида аҳолининг талаб-истаклари инобатга олиниб Охун бобо қабристони ёнида янги масжид қуришга руҳсат берилди. Аммо у ҳам омонатгина қурилган, намозхонаси тор, ибодат қилиш учун шарт-шароитлар деярли йўқ эди.

      Мустақилликдан сўнг мусулмонларга диний расм-русумларни бажаришга тўла имкон яратиб берилди. Азиз-авлиёлар ётган масканлар ободонлаштирилди. Шу жумладан, шаҳарнинг бош масжиди ҳисобланган «Охун бобо» жоме масжидининг эски биноси ҳам реконструкция қилиниб, бу ерда барча шарт-шароитлар яратилди. Эски «Охун бобо» қабристони шаҳар ичида қолиб кетгани инобатга олиниб ўтган асрнинг охирларида қабристон шаҳарнинг шимолий томонига кўчирилди.

      2017 йилда муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразмга қилган ташрифида янги «Охун бобо» масжиди пойдеворига тамал тошини қўйиб кетган эди. Ҳозирда «Охун бобо» жоме масжидининг замонавий лойиҳадаги янги биноси қуриб битказилди. Уч минг кишига мўлжалланган, кенг айвонли, хар бурчагида минора мезанаси бўлган янги масжид нафақат вилоятда, балки Қуйи Амударё минтақасида энг йирик жоме масжиди бўлди. Бу эса диний қадриятларимиз қайта тикланаётганининг тасдиғидир.

      Имом-хатиблар: Охун бобо масжиди 1943 йили очилган бўлиб, маълум муддат Абдулҳаким ота Оллоберганов, ундан сўнг 15 йилча Худойберган Қутлибой ўғли, 1972-1982 йилларда Ибодуллаев Файзулло эшон, 1982-1983 йилларда Рўзимбой мулло Абдураҳмонов масжид имом-хатиби лавозимида ишлади. 1983 йилдан ушбу вазифада Муҳаммадсаид ҳожи Аҳмаджон хизмат қилиб келган. 1993-1995 йилларда Собиров Ҳошимжон, 1995-1996 йилларда Машарипов Қўзибой, 1996-1997 йилларда Муҳаммадамин Муҳаммадзариф ўғли, 1997-2000 йилларда Раҳматуллаев Муҳаммаджон, 2001 йилда Маликов Умархўжа, 2002 йилда Қувондиқ ҳожи, 2003 йилда Шайхмуҳаммад Аллаёров, 2004 йилда Собиров Ҳошимжон, 2004-2006 йилларда Раҳматуллаев Муҳаммаджон, 2006-2007 йилларда Қаландаров Эркабой, 2008-2012 йилларда Исмоилов Раҳматуллоҳ эшон имом-хатиб вазифасида хизмат қилди. 2012 йилдан Кенжаев Ҳасанбой имом-хатиб бўлиб ишлаб келмоқда.

      Имом ноиблари: 1971 йилдан 1983 йилгача Рўзимбой мулло Абдураҳмонов имом ноиби ва мутавалли бўлиб ишлади. Ундан кейин Хўжаев Одамбой мулло, 1993-1996 йилларда Муҳаммадамин Муҳаммадзариф, 1993-1995 йилларда Машарипов Қўзибой, 1995-2000 йилларда Аҳмад Мағфурий Абдулазиз ўғли, 2000-2006 йилларда Исмоилов Раҳматуллоҳ, Қувондиқ ҳожи, худди шу йилларда Абдиримов Музаффар, 2007-2012 йилларда Матяқубов Алижон, 2010-2013 йилларда Ҳажиев Имомиддин имом ноиби вазифасида ишлади. 2012 йилдан Жуманиёзов Азамат, 2015 йилдан Абдуллаев Мусобек, 2016 йилдан Отажонов Ҳошимжон имом ноиби вазифасида хизмат қилди, 2017 йилдан Эгамов Орифжон, Каримов Бобур бу вазифани бажармоқда.