ЁШЛАРНИ ОИЛАВИЙ ҲАЁТГА ТАЙЁРЛАШ

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бугунги кунимизнинг энг долзарб масаласи десак, муболаға бўлмайди. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш жуда ҳам шахсий, бошқаларга алоқаси йўқдек кўринади, аммо бу ҳаракат миллатимиз равнақига, халқимиз одобига, келажагига, насли-насабига путур етказишдан сақловчи омилдир. Келинг, тарихимизга, хар бир рисоладагидек оила ўз аждодлари тарихига назар солсин. Бундай оилаларда ўғил болаларга уларга хос фазилатлар жамият, ор-номус туйғуси сингдирилган, ота-онага, яқинларига, ватанига, юртига вафодор, илму ҳунар соҳиблари, ғайратли, меҳнатсевар қилиб тарбияланган. Қиз болаларга биринчи ўринда иффату ҳаёли бўлиш, хушфеъл, одобли, итоаткор, ширинсуҳан, сабрли бўлишдан сабоқ берилган. Аёл киши овозининг кўтарилиши (бақир-чақир, қарғиш) ниҳоятда ҳунук одобсизлик, деб ўргатишган. Бу борада тарбия берувчиларнинг ўзлари намуна бўлишган. Йигитлар эркаклик хислатларини боболаридан, оталаридан, амакиларидан, тоғаларидан, қизлар эса аёллик хислатларини бувиларидан, оналаридан, амма-хола, янгаларидан кўриб андоза олишган.

Оила бошлиғи отага нисбатан ҳурмат эҳтиромни фарзандлар оналаридан ўрганишган. Отага гап қайтариш у ёқда турсин, унга тик қарашмаган. Ота ҳам обрўсини ўз ўрнида тутиб, аёлу фарзандлари билан муомалада оғир вазмин, гап сўзларида маъно ва мантиқ, бўлган. Ҳозирги кунда баъзи ота-оналарда асосий муаммо ўғил-қизининг ахлоқ одоби, илму маънавияти эмас, балки нимани едириб-ичирсам, қандай кийим-кечак кийдирсам, деган ўй-фикрлардир. Афсуски, китоб ўқишдан йирок, шариатдан узоқ, вақти бўлса ойнаи жахон атрофида, кўп вақтини беҳуда нарсаларга совурувчи, ижтимоий одобларга беписанд, оғизларидан шоди кириб боди чиқувчи ота-оналар ҳам йўқ эмас. Баъзи кизлар юз-кўзига нарса суриб, сочини ҳали у рангга, ҳали бурангга бўяб, ҳар-хил кийимларни кийиш билан овора, оғизларида сақич, қулоқларида телефон. Йигитларнинг баъзиларини қизлардан ажратиб бўлмайди, сочлари тўзиган, кийимлар лолаю пушти, қизил,сариқ. қулоғида телефон, оғзининг бир четида сигарет. Шу билан бирга,  ялқов танбал, беодоб, бефарқ, эътиқодсиз, беҳаё фильмлар, бемаъни клипларга шайдо. Бу кимсалар бутун ёшликларини беҳуда, пуч нарсаларга сарфлаш билан овора. Уларга келажак-хаётмасалалари бўйича савол берсангиз, орзу-ҳаваслари осмонча. Қўшқават ҳашамдор уй-жойлар, антиқа русумли машиналар, беҳисоб қимматбахо матохлару тақинчоқларни орзу қилишади. Аммо уларнинг оила икки рисоладагидек инсоннинг оғир меҳнати махсули экани, меҳру муҳаббату муросаи мадорадан иборат меҳнатнинг натижаси экани билан ишлари йук. Бўлажак фарзандлари уларга омонат экани, уларга таълим-тарбия, эътиқодни ўргатиш кераклигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Шундай бўлгач, ўзларида йўк нарсани қандай қилиб болаларига беришади?

Бу иллатнинг сабаблари турмуш қўраётган айрим ёшларнинг ҳакалак отиб кетган нафсларию ота-оналарнинг ҳаддан ошиб кетган орзу ҳавасларидир. Ота-оналар қизларини оилавий ҳаётга тайёрлашни уларга антиқа сарпо-суруқ, мебелу анжомлар, тилла тақинчоклар, қўйингки, ошхона, ҳаммомларга нарса йиғиб, узатиш деб билишади. Йигитларнинг ота-оналари эса оилавий ҳаётга тайёрлаш деганда 300-400 кишига ош бериш, эркагу аёлга ресторанда ҳар-хил артистларни навбатга қўйиб, дастурхонларни нозу неъматларга тўлдириб, бир кунлик тўй учун фалон-фалон пулларни совуришни тушунишади. Албатта, бундай ҳолатларни кўриб ҳайрон қолмай иложимиз йўк.

Ота-она турмушга чиқаётган қизига, қизим, сиз ўзга оилага умрбодга кузатилмоқдасиз. Куёвингизнинг этагини махкам тутиб, мустахкам оила кемасини қуриш учун кетмоқдасиз. Ақлингизни жамлаб, борган ҳонадонингизнинг пасту баландига кўниб, тош келса кемириб, сув келса симириб, қайнонангизни онажон, кайнотангизни отажон, қайнсингилларингизни опажону сингилжоним деб, куёвингизни бегим деб, ширин сўз, сабрли-қаноатли бўлиб, обру қозониб, бўлажак фарзандларингизга мустахкам қароргоҳ, барпо қилиш пайида бўлинг. Қизгинам, туғилажак навниҳол фарзандларингизга салгина бўладиган тўлқинларга чўкиб кетадиган қайикчи эмас, балки кундалик хаёт деб аталмиш уммонда барқарор суза оладиган, анча-мунча тўфонларга дош бера оладиган мустаҳкам қўрғон шаклидаги кема қуринг. Чунки мурғаклар ҳотиржамликда, ҳаловатда, барқарорликда улғайсалар рухиятлари соғлом, гўзал бўлади, деб ўз насиҳатларини аямасликлари керак.

М.Каримов

Урганчтуман  “ҲазратиШахобиддин   бобо “масжид иимом ноиби

Top
Разработано с JooMix.