ИСЛОМ МУТААССИБЛИКНИ ҚОРАЛАЙДИ

Мутаассиблик - ўз эътиқоди тўғрилигига ўта қаттиқ ишониш, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлишдир. Инсоният тарихида мутаассибликдан ғаразли мақсадларда кўп фойдаланилган. Мутаассибликнинг пайдо бўлишига диний зиддиятлар, шунингдек, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларнинг ҳал қилинмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради.

Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик гуруҳлар мутаассиблик ғоялари ва амалиёти ривожида гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни кофир, уларнинг таълимотига кўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар. Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари ва уламоларнинг асарларида ўз аксини топган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади».

Ибн Нужаим айтадилар: «Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак. Аммо динда ҳаддан  ошиб ғулувга кетганлар бу масалада «мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», дейишга бориб етдилар. Бу эса, барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир».

Жалолиддин Суютий айтадилар: «Мусулмонни кофирликда айблаган одам уни ўлдирган билан баробардир».

Бу масалада Аҳли сунна вал жамоанинг хулосаси шуки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат, ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабларининг ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ла илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаймиз, гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», - дедилар».

Бу бузғунчи кучлар ёшлар ичида интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали тарғибот ишларини олиб бориб, улар ичидан ғўр ёшларни ёки мутаассибликка берилган шахсларни топиб дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларга жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилишяпти. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ кишиларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиб мутаассибликка берилмаслик, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Айниқса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг қалбига мустаҳкам жойлаш барчамизнинг вазифамиздир.

Исакбаев Умар

Гурлан  тумани Нур саид бобо масжиди имом-хатиби

 

 

Top
Разработано с JooMix.