ХУРОФОТГА БЕРИЛИШ ОҚИБАТИДА...

(Урганч тумани ҳудудидаги “Мушкулкушод биби” деб номланувчи

 норасмий зиёратгоҳ мисолида)

Азиз муштарийлар ва айниқса, аёлларимиз! Биз Сизларни нашримизнинг бугунги сонида айрим диний эътиқодни ўзига “мода” тарзида, яъни ўзини атрофидагиларга кўз-кўз қилиш мақсадида диний билимга эга бўлмасдан турли ақидаларни ташвиқ қилувчи норасмий диндорлар ҳатти-ҳаракатлари натижасида, хурофот ва бидъат амалларни  бажариш, аёлларимиз орасида диний мутаассибликка берилиш каби салбий ҳолатлар кўзга ташланаётган ҳолатлар билан таништирган ҳолда, бундайлардан огоҳ бўлишликка чақирмоқчимиз. 

Ушбу  борада   бугунги кунгача Урганч тумани ҳудудида норасмий тарзда ва бирон бир жойда зиёратгоҳ сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келган,  жойлик аҳоли орасида “Мушкулкушод биби” зиёратгоҳи деб номланувчи жой қисқа тарихи ва фаолиятига эътиборингизни қаратмоқчимиз.Мазкур жой  билан боғлиқ шахсга тўхталадиган бўлсак: “Мушкул кушод номини олган шахс асли ким?”, - деган савол туғилади, албатта.

 

Мухиба Хамидова “Валия волидалар” номли китобида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Хазрат Бахоуддин Нақшбанднинг холалари асл исми “Биби Мусалламхондир”. Бухорода уни “Биби Чоршанба” хам дейишади. Унинг қабри Бухоронинг қасри Орифон қишлоғида бўлиб, хўжа Бахоуддин хазратларининг оналари, холалари билан бир қаторда қарор топганлар”.

Бундан кўриниб турибдики, Урганч туманидаги “Биби Мушкулкушод” деб номланган қабр ва ундаги зиёрат қилинаётган шахс асли кимлиги номаълум.

Ислом шариати нуқтаи назаридан ҳам “Мушкул кушод” номлик маросим ўтказилиши мутлақо кўрсатилмаган. Мушкулни кушод қилувчи, яъни банданинг бошига тушган  оғирликни енгил қилувчи зот Аллоҳ таолонинг ўзи, холос. Пайғамбаримиз (с.а.в.) хадисларида: “Қабримни саждагоҳ қилманглар”, - деб марҳамат қилганлар.

”Ислом маърифати” номли китобда Мушкулкушод маросими ҳурофот амаллардан экани таъкидланиб: “Биби Сешанба маросими муҳтарам зотларнинг руҳидан мадад сўраш, ҳожатларини тилаш бўлиб, у ислом ақидасига хилоф амалдир”, - дейилади. Шу боис уларни ўтказишни шариат ман қилади.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси  томонидан 1984 йилда чиқарилган “Янги чиққан китобфурушлар фаолиятининг зарарлари ҳақида”ги фатвода мусулмонлар орасида истеъмолда бўлиб келаётган ўзбек тилидаги “Мавлиди шариф”, “Биби Сешанба”, “Мушкулкушод” каби китоблардаги маълумотларнинг кўп қисми ислом дини асосларига тўла мувофиқ келмаслиги, уларнинг муаллиф ва ноширлари бундай ишга ё динни бузиш мақсадида, ёки моддий маблағ орттириш ниятида қўл урганликлари қайд этилган. Шунингдек, “Биби Сешанба” рисоласи шариатга мутлақо тўғри келмайдиган афсонавий эртакдан иборат экани, унда бидъат йўли билан турли таомлар тайёрланиб, исрофгарчиликка кенг тарғиб қилиниши, азиз-авлиёларнинг руҳи ва мозорига атаб қурбонлик қилиш каби ислом таълимотига зид бўлган амалларнинг бажарилиши таъкидланади.

Шунга қарамасдан, ўз шахсий манфаатдорлигини кўзлаган, фирибни ўзига касб қилган айрим кимсалар  томонидан мазкур жойдан унумли фойдаланиб келинган. Улар ўз атрофидаги саводсиз ва диний тушунчага эга бўлмаган ҳамда турли ақидаларга ишонувчан фуқароларни авраб-алдаб, шу жойни зиёрат қилишликни, мушкули осон ечим топишини тарғиб қилиб, шу ерга инъом этилган хайр-эҳсонларни ўзлаштириб келганлар.  Норасмий “отинойи” (халфа)лар томонидан эса ушбуга бағишлаб, диндор аёлларни тўплаб “ўтиришлар” уюштириш одат тусига киритилган. Ажабланарлиси шундаки, бу маросимларга  жойдаги ҳокимлик ва диний идоралар томонидан фаолиятига рухсат берилган айрим “отинойи”лар  ва ҳожи оналар ҳам бош-қош бўлишмоқдалар.Ушбу назоратсизлик ҳолати келгусида мазкур жойларда турли диний экстремистик оқимлар ёки ғайри ниятдаги шахслар томонидан ўз жиноий мақсадларини амалга оширишларига қулай шароит ва замин яратиб бериши мумкин. Яъни, турли экстремистик ғоялар билан суғорилган адабиётлар, варақалар ёки бошқа манбаларнинг тарқатилиши, ҳисобсиз маблағларнинг айланиши ва қолаверса, диний билимга эга бўлмаган шахсларнинг нотўғри йўлларга кириб кетишларига олиб келади.

Бундай хурофотларга берилиш асосий сабаби - динимиз асосларини тўлиқ тушунмаслик, айниқса, эътиқодий масалаларни яхши билмаслик натижасидадир.  Бунинг оқибатида аёллар ўртасида гўёки ўзларича бир савобли ишни қилдим деб, яна бир гуноҳга қўл уришаётганларидан бехабар эканликларини алоҳида таъкидлаш лозим. Қуръони каримда Оллоҳ таоло ўзига ширк келтирган инсонни ҳечам кечирмаслиги келтирилган. Мутасаввиф шоирлардан Сўфи Оллоёр “Сабутул ожизин” номли китобида: 

 Диёнат бехидур(илдизидур) илми ақоид 

Томирсиз шоха сув бермак на фоид. 

Ақида билмаган шайтона элдур 

Агар минг йил амал деб қилса елдур.  

Маълумки, чор Россияси босқини йилларида бир мунча хурофот, асли хақиқатга эга бўлмаган китоблар чоп қилинган ва бу билан динимиз софлигини йўқотишга уринилган.  Жумладан,  муаллифлари номаълум бўлган - Мушкул кушод, Бобо Равшан, Тулум хўжа, Нурнома, Ғавсул Аъзамга ўхшаган китобларда кўпинча тўқима маълумотлар келтирилган.  Мисол учун: Бобо Равшан номли китобда келтирилган асоссиз бир ривоятга эътиборингизни қаратамиз:  Гўёки Хазрат Алининг бошига киядиган дасторлари, яъни урушда киядиган бош кийимлари минг ботмон эрди дейилади. Минг ботмон йигирма тоннани ташкил қилади,  бу эса ақлга сиғмайдиган гап.  Шунингдек, “Улли пир” деб вилоятимизда ўқиладиган Ғавсул Аъзам қиссасига боғлаб ёзилган китобни ҳам уламоларимиз, бу нарса Ғавсул Аъзам хазратларининг ҳақида туҳматдир дейдилар.

Азиз элдошлар, юқоридаги каби хурофий китобларни ўқиш ўрнига тарбиявий ахамиятга мумтоз адабиётимиз вакиллари - Махтумқули, Ахмад Яссавий ҳикматлари, Девони Машраб, Иброхим Адхам қиссаси каби китобларни мутоала қилсак, маросимларда хам ушбу китоблар йиғилганларга ўқиб берилса қанчалик тарбиявий аҳамиятга эга бўлишини тасвирлашга тил ожиз.

Мушкулкушод каби ясама қабрга ХХI асрнинг зиёли кишиларининг сиғинишлари гўёки мушкуллари  шу билан осон бўлишига эътиқод қилишлари ақлга сиғмайдиган ҳолат .

Мустақиллик йилларида динимиз асосларини ўрганиш учун муътабар китобларимиз она тилимизда етарли даражада чоп қилиниб,  халқимизга ҳавола қилинди. Бугунги кунда етарли даражада диний олимларимиз етишиб чиққанига ва тушунтириш ишларининг олиб борилаётганига қарамасдан, айримларимизнинг қаердаги бетайин илмсиз фолбинлар, азоимхонлар, отинойиларнинг нотўғри фатволарига эргашиб, ширку бидъату хурофотларга ботиб кетишлари каби кўр-кўрона қилмишларидан, қабрларга атаб қурбонликлар қилишларидан  ажабланасан киши.  Бундай нотўғри фатволари билан одамларни авраётганлар бир нарсадан қўрқишлари керак, яъни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида бу тоифа кишиларга қарата шундай деганлар: «Сизларнинг фатвога журъатлироғингиз, дўзахга журъатлироғингиздир». Илмсиз фатво бериш инсонларни гумроҳ бўлишига сабабчи бўлади.

Шариатимиз зиёрат килишдан инсонларни қайтармайди. Балки, уни динимизда белгиланган меъёрлардан чиқмаган ҳолда, амалга оширишни буюради. Пайғамбаримиз: «Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, сизларга охиратни эслатиб туради», -  деганлар.

 Пайгамбаримиз инсонларни ширк, бидъат, хурофотлардан қутқариш учун, уларни маъруф ишларга буюришга юборилган пайгамбардирлар. Ўтган замонда Каъбаи муаззамада ҳар битта қабила учун битта санам қўйилган бўлиб, ушбу санамларнинг уммумий сони 360 тани ташкил қилган.  Фатхи макка кунида Расулуллоҳ  ушбу  бут  санамлардан байтуллони  бутунлай  тозалаганлар.

Азиз муштарий! Юқоридагиларни ўқиб ва уқиб, ундан ўз ҳаёт йўлингизда учраётган ҳодиса ва воқеаларга тўғри баҳо беришингизда фақат ва фақат наф олишингизга имонимиз комил.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

Хоразм вилоят вакили                         Д. Абдуқадиров

Top
Разработано с JooMix.