ДИНИМИЗ АЁЛ КИШИНИ УЛУҒЛАЙДИ

  Муҳтарам Президентимиз янги 2016 йилни “Соғлом она ва Соғлом бола” йили деб эълон қилдилар. Бунда жуда кўп маъно бор, зеро, инсоният буюк оналар ва улар орқали келадиган етук авлодларга ҳамиша муҳтождир. “Ёшларга таълим – тарбия борасида сўзлашдан, насиҳат қилишдан, уларни яхшиликка, эзгуликка чорлашдан чарчамайлик. Зеро, биргина ибратли сўз муваффақият қучган етук авлод етишиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. “Қучоқда ётган мурғакнинг қулоғига йўл – йўлакай чалинган бир оғиз гап, вақти келиб, оламни ларзага соладиган акс садо бериши ҳеч гап эмас. Шунинг учун қадимда аёл зотига шундай гўзал таъриф берилган: “Аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади”.

 Унда оналарни камситадиган эркаклардан паст санайдиган бирор ҳукм йўқ. Эркакларни аёллар устидан раҳбар қилиниши эса, эркаклар зиммасига масъулият юклаш маъносидадир. Ислом дини жаннатни оналар оёғининг остига қўйди.  Мўминларга аҳли аёлингизга мурувватли бўлганингиз энг яхшиларингиз, дейилди. Ислом аёл кишининг комил инсон, мустақил шахс эканини эътироф этади, унга мулкка эга бўлиш, таълим олиш, ўзи хоҳлаган кишига турмушга чиқиш ҳуқуқини берди.

        Фарзандлар зиммасига ҳам ота-оналарини ҳурмат қилиш борасида қатор вазифаларни юклади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро сураси, 23-24 оятлар).

        Айниқса, онанинг мартабаси фарзанд олдида қандайлиги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида гўзал тарзда келтирилади:

        Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у бобосидан ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?” дедим.  У зот: “Онангга”, дедилар. Мен: “Сўнг кимга?” дедим. У киши: “Онангга”, дедилар. Мен: “Сўнг кимга?” дедим. У киши: “Онангга”, дедилар. Мен: “Сўнг кимга?” дедим. У киши: “Сўнг отангга ва яқинларингга”, - дедилар(Имом Термизий ривояти).

        Онанинг эркалаб суйганидан, меҳр-мурувватидан тош калблар ҳам эрийди. Мабодо боласи кичик бир хато қилса, унга танбеҳ берилса, хафа бўлиши ўринсиз. Чунки энг олдин кечирувчи зот ҳам онанинг ўзидир. Вақти келиб бу танбеҳлар баҳосини фарзандлар англаб етади.  Яхши тарбия қимматли ҳадя мақомида туради. Зотан, фарзандининг иқболи, саодати учун оналар нафақат қалб қўрини, балки бутун умрини ҳам бахшида этишга тайёр туришади. Уларнинг шафқати, меҳр-муҳаббатини сўз билан ифодалаш мушкул. Бугун бизнинг кўзимизга ўйин боласи бўлиб кўринаётган қизалоқлар эртанги куннинг онасидир. Уларнинг ютуқлари келажакнинг ютуғидир.

        Демак, биз имом Бухорийдек, Ибн Сийнодек даҳоларни дунёга келтиришни истасак, Бухорийнинг онасини, Ибн Сийнонинг онасини тарбиялашимиз даркор.

 

Ф.Султанов

Боғот тумани “Саид мансур эшон бобо”

 жоме масжид имом хатиби

Top
Разработано с JooMix.