ОТА-ОНА ҲАҚИНИ АДО ҚИЛАЙЛИК

    Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп жойларида ота-онанинг ҳақини адо қилишлик тўғрисида оятлар нозил қилган, шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) нинг ҳадисларида ота-онани ҳақини адо этиш бир неча бобда зикр қилингандир. Лекин инсон ўзига берилган ақл-идрок, фаҳм-фаросати билан ота-онани хақини таниб, уни адо этишни яхши билган бўлар эди.

         Кўпинча ота-онамиз ҳаётлик даврларида бақадри имконият ҳақларини адо этиб, дуоларига дохил бўлишга ҳаракат қиламиз. Лекин ота-она вафотидан кейин ҳам фарзандлар зиммасида  ота-онани муайян ҳақлари бор экан.

Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳузурларига бани Салама  қабиласидан бир йигит келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули, ота-онам ҳаёт даврларида кўп хизматларини адо қилдим, бақадри имконият дуоларини олдим. Аллоҳнинг иродаси билан улар дунёдан кўз юмиб кетдилар, уларнинг танаси қабрга киргандан кейин, улар ҳаёт вақтларида қилганимдек эзгу амалларни давом эттирсам савоби қабрга етадими”, -деб сўради. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ота-она дунёдан ўтгандан кейин ётган жойи обод бўлсин, дейдиган фарзанд дунёда тўртта нарсага амал қилсин: 1.Ота-она ҳақига дуо қилсин, саломат юрган бўлса саломатлик тилаб дуо қилсин, ўтиб кетган бўлса ота-онамни раҳмат қилгин, хатоларини ўзинг кечириб мағфират қилгин, ётган жойларин обод қилгин, деб дуолар қилсин; 2.Ота-она ҳаётлик даврларида фарзандларига қилган васиятлари бўлса, шаръий ва суннатга мувофиқ васият бўлса амалга оширсин бундан уларнинг руҳлари шод бўлади; 3.Ота-она ҳаётликларида орттирган ошна-оғайни, улфати ҳамдам, яқин ёру биродарларининг зиёратларини, хизматларини қилиб, дуоларини олсин; 4.Ота-онасининг яқин қариндошлари, ака-ука, опа-сингиллари билан алоқани узмасин, силаи-раҳм қилсин, қариндошлар билан оқибатли ва чиройли муносабатда бўлсин, албатта, бундан қабрда ётган ота-она манфаатдор бўлади”, - дедилар.  Юқоридаги ҳадисга мувофиқ Аллоҳнинг ҳузурида энг яхши бўлган амалларнинг аввали, ота-онага яхшилик қилиш экан.

           Дунёда уч хил дуо қабул бўлмасдан қолмайди: Ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси, зулм қилинган мазлум одамнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси. Шундай экан биз ҳам дуою хайрлар, яхшиликлар устида бўлайлик.

           Аллоҳ таоло элу юртимизга бардавом тинчлик, файзу барака ато айласин! Хонадонларимиз гултожи бўлмиш ота-оналаримизга узоқ умр, сиҳат саломатлик берсин! Ўтганларнинг руҳларини бизлардан шод қилиб, уларнинг эзгу амалларини давом эттиришда ёш авлодга Аллоҳ куч қувват ато қилсин!

 

                                                                               Ш.Аллаяров

                                           Хонқа туман “Сайид ота”масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.