“МУНАЖЖИМ” ЛАР БАШОРАТИ

Бугунги кунда  одамлар орасида фолбинлик ҳамда мунажжимлик шу қадар кенг ривож олганки, турли оммабоп нашрлар ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора бўляптилар. Аллоҳнинг каломи, динимиз кўрсатмалари бир четда қолиб, одамлар фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши, дейилса, гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда, яъни, иймон масаласи ҳақида эканини англаб етамиз.

 

      Кишилар  фолбин ва мунажжимларга турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари келажагини ёки тушларини таъбирини билишга қизиқади. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди мен каби бир одам, агар фолбин бўлиб келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб бойиб кетмаган. Нима учун камбағал ва хор, бахтсиз бўлиб яшамоқда. Ғайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат? деб ўйлаб ҳам кўрилмагани  аламлидир.

       Шуни яхши билиб олайликки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳга ишонмаган, Унинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши мумкин. Фолбиннинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмаслиги керак, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда таъқиқлаган. Имом Шамсиддин Заҳабий “Гуноҳи кабиралар” номли китобида шундай дейди: “Баъзан шайтон инсонларни синаш учун фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдида қўйиб юборгани сингари, ўша одамнинг кўзи тузалиб кетадида, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо иймон савдоси ҳисобланади”.

        Мунажжим сўзи арабча “нажм” (юлдуз) сўзидан олинган бўлиб,юлдузга қараб фол очувчи, деганидир. Фолбинлик, сеҳргарлик (кўз бойловчи) ва мунажжимлик бир-бирларига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар биргаликда зикр этилади. Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишонадиган юртдошларимизга хитобимиз шуки, муқаддас динимиз кўрсатмаларига қайтинг! Тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу илм фақат ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар эса, албатта хор бўлади. Жумладан,Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисдаРасулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарса (Қуръон ва дин)га куфр келтирибди». (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти)

Яна шунингдек,Оиша (р.а)дан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: «Фаришталар булутга тушадилар ва осмонда ҳукм қилинган ишни зикр қиладилар. Шайтон ўғринча қулоқ тутиб, эшитиб олади-да, уни ўз ёрдамчилари бўлган фолбинларга етказади (уқтиради). Улар эса унга ўзларидан юзта ёлғон қўшиб, ёлғон гапирадилар».(Бухорий ривояти)

        Фолбинга мурожаат қилувчилар ҳам бирор яхшироқ нарсага эришиш ёки ёмонликнинг олдини олиш, қайтариш мақсадида бўладилар. Лекин бу ношаръий, ҳаром йўлдир. Шунинг учун ҳам улар мақсадларига ета олмаслик, олий даражаларга эриша олмаслик билан жазоланадилар.

       Шариат бўйича, бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, аввало, яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг азм қилса, Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлаши кўрсатилган. Агар бирор ишни қилиш-қилмасликни танлай олмай ҳайрон бўлса, маслаҳатлардан сўнг ҳам азму қарорга кела олмаса, истихора қилади. Истихора дегани хайрни, яхшиликни талаб қилишдир. Ётишдан олдин икки ракат намоз ва истихора дуоси ўқилади. Ётганда тушида бирон-бир ишора бўлади ёки шу ишни қилишга Аллоҳ муяссар қилиб қўяди. Шу тариқа фолбин билан битиришга ҳаракат қилинадиган ишларнинг ҳаммасини шариатга мувофиқ ҳал қилиш мумкин.

        “Мунажжимлар башорати” келажакни башорат қилиш билан шуғулланар экан, унга мурожаат қиладиганлар Пайғамбаримизнинг қуйидаги ҳадисига мувофиқ тушади: Кимки башоратчининг олдига борса ва ундан ғайб илмига оид бирон нарса ҳақида сўраса, унинг ибодатлари ва дуолари қирқ кеча қабул қилинмайди”.

        Ғайб илмларини Аллоҳ таолонинг ўзигина билади. Бу ҳақда Намл сураси 65-оятида шундай марҳамат қилади: “Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар”.

        Оятда Аллоҳ таолонинг азалий “илм” сифати билан ошкораю пинҳона нарсалардан доимий равишда огоҳ экани билдирилмоқда. Шу илмига биноан қиёматгача бўладиган ишларни “Лавҳул-маҳфуз”га олдиндан битиб қўйган.  Инсонлар тақдирини Аллоҳ таоло буйруқ тариқасида эмас, балки васф ва таъриф сифатида ёзган. Масалан, фалон кимса ўз ихтиёри билан шайтон васвасасига берилади, деб ёзилган. “Берилсин!” деб ёзилмаган. Акс ҳолда банда жавобгар бўлмас эди.

        “Мунажжимлар башорати” га ишонадиганларнинг нияти эртага нима бўлишини олдиндан билиб, унга муносиб тайёргарлик кўриш.  Шу тарзда улар ёмонликлардан ўзларини сақлаб, яхшиликлардан имкон қадар  унумли фойдаланишни мақсад қилишади. Лекин Пайғамбаримиз (с.а.в)га Аллоҳ бу ҳақда бошқача хабар беради:

“Эй (Муҳаммад (а.с)): «Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман», деб айтинг”.( Аьроф 188-оят).

        Ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблаганлар фол, башорат каби хавфлардан узоқроқ юришлари, “мунажжимлар башорати” рамзлари ҳисобланган турли шакллар акс эттирилган узуклар, тақинчоқлар ва бошқа зарарли нарсалардан ҳам ўзларини эҳтиёт қилишлари шарт. Буларнинг ҳаммаси махсус ҳисоб-китоб қилинган ташвиқот ишлари  маҳсули эканини ва унинг бу қадар оммалашиб кетиши тасодиф эмаслигини ёдимизда тутайлик!

        Бугунги кунда фолбинлар, сеҳргарлар, мунажжимлар, турли башоратчилар, жуда ҳам кўпайиб кетди. Уларнинг ишқибозлари,  ихлосмандларининг эса сон-саноғи йўқ. Энг ёмони, бу ноқулай ҳолатга диний тус бериляпти. Мазкур шахслар эркак кишилар бўлса, эгнига чопон, бошига қандайдир салла ўраб олиб,қўлига тасбеҳ осиб олишади ва бирорта дуоними, сураними чала ёдлаб олиб такрор-такрор ўқишади. Агар аёл бўлса, у ҳам ўзича шунга ўхшаш тадбирлар кўради. Оқибатда одамлар бу нарсаларни динда бор ёки бўлмаса динга алоқаси бор, деб тушунадилар.Улар дунёдаги барча муаммоларни мазкур фолбинлар ёки дуохонлар ҳал қиладигандек хаёл қилишади.  Бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар ҳам,кечаси уйқусида чўчиб кетадиганлар ҳам, бошқа турли дардларга чалинганлар ҳам, иши юришмай қолган савдогарлар ҳам, бирор нарсасини йўқотиб қўйганлар ҳам, тузукроқ мансабни мўлжаллаган амалдор ҳам, қўли келмай қолган қиморбоз ёки фоҳиша ҳам, хуллас, кўпчилик уларга мурожаат эта бошлади. Фалон жойда бир қиз чиқибди, борганлар фойда топяпти экан, деган шов-шувлар тез-тез тарқалиб, одамлар ўша томонларга чопишадиган бўлди. Лекин ўша фолбин, сеҳргар, мунажжим ёки башоратчиларнинг ишқибозлари ақлни ишлатиб, чуқурроқ тафаккур қилиб кўрмайдилар. Ўзлари эътиқод қилиб, кўтар-кўтар қилаётган шахслар кимлар, улар содир қилаётган “мўъжиза”ларнинг ҳақиқати нимадан иборат, бу ҳақда ўйлаб кўрмайдилар.

        Фолбин, сеҳргар ва мунажжимларнинг келтираётган зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётганлиги билан чегараланиб қолмайди. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатиш бўлса, охири бориб энг катта нуқтага- бидъат, хурофотлар, турли хил бузуқ ақийдаларнинг натижаси ўлароқ, куфрга, ширкка бориб етади.Лекин бу ката маънавий жиноятни на фолбинлар, на уларга бораётган мижозлари англайди, ана шу нарса бизни ташвишга солади.

        Минг йилликка эга бўлган тарихимизда, Имом Бухорию, Термизийлар яшаб ўтган даврларда инсонлар оқ-қорани яхши таниган эдиларку. Наҳотки ота-боболаримиз Бухорийлар, Хоразмийлар, Темурийлар, Марғилонийлар ва Мотуридийлар деб фахрланадиган халқ уларга муносиб авлод бўлолмасак!

    Жамиятни кемирадиган бундай маънавий зарарларга қарши туришда ҳамма жонбозлик кўрсатиши лозим. Агар бунга қодир бўлмаган киши ҳеч бўлмаса ўзи фолбин, башоратчи кабиларга ишонмасин ва бормасин. Ана шунда бу хавфли иллатга барҳам берилади. Илоҳим, барчамизни Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!

 

                                                                                                       Муҳаммадамин Муҳаммадзариф

 Урганч тумани бош имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.