Ватан тинчлигига масъулмиз

                                

Инсон жамиятда ўз ўрнини топиши учун шу жамиятдаги қонун-қоидаларга риоя қилиши лозим. Бу қонун-қоидалар гўзал ахлоқ, тартиб-интизомдир.

Динимизнинг бош ғояси ҳам шу – гўзал ахлоқ, намунали ҳаёт тарзи. Лекин бугун ер юзининг турли минтақаларида муқаддас динимиз ғояларига мутлақо ёт бўлган ишлар ислом дини номи билан амалга оширилаётгани фитнадан бошқа нарса эмас. Буни халқимизга, айниқса, ёшларга тушунтириш, динимизнинг асл моҳияти тинчликпарварлик, инсонпарварлик, юртсеварлик эканлигини айтиш барчамизнинг бурчимиздир.
Тинчлик Аллоҳ таоло бутун инсониятга инъом этган энг улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Бу дин кишиларни тинчликни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилади: «Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз» (Бақара, 208). Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қонлар тўкаяпти. Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади.
Шуни унутмаслигимиз керакки, бугун биз ўта таҳликали ва қалтис замонда яшаяпмиз. Ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз зарур. Миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш бугун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Буни ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз даркор.
Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақамизда, хусусан, давлатимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бирёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи ниҳоятда долзарб саналади. Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз ва миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Шуни унутмайликки, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган кучларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.
Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Чунки кўпинча, ҳаётий тажрибаси ва билими кам, дунё воқеаларидан бехабар ёки нотўғри, ишончсиз маълумотларга эга, шахсий нуқтаи назари ва қараши шаклланиб улгурмаган ёшлар ахборот ва мафкуравий курашлар таъсирига тушадилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўғил-қиз онгига, аввало, Ватани ва оиласи олдидаги масъулият ҳиссини сингдиришга, уларни инсонпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қарашимиз керак.
Шу билан бирга, яна бир муҳим масала — оила мустаҳкамлигини сақлашдир. Зеро, оила мустаҳкамлиги замирида Ватан осойишталиги мужассам. Фарзандлари билимли, имонли, меҳрли, оқибатли, дунё таниган, юртга фидойи бўлган оила қасри ҳеч қачон бузилмайди.
Ўтган давр мобайнида Ватанимиз босиб ўтган йўлни, амалга оширилган тарихий ишларни холисона сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларга, аввало, қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришилганини ҳар биримиз чуқур англашимиз лозим. Энг муҳими, бугунги кунларга етиш осон бўлмагани, айни пайтда рўй бераётган ўзгаришларни ҳаётий мисоллар, ўзимиз, оиламиз тақдири, фарзандларимиз эришаётган муваффақиятлар мисолида англаб етишимиз муҳим аҳамиятга эга. Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Тинчликни ҳеч ким яратиб бермайди. Унинг учун курашиш, уни асраш, қадрига етиш керак. Чунки инсон хотиржам ва осойишта бўлсагина, мақсади сари дадил интилади, ўзини чинакамига бахтли ҳис қилади.
Шундай экан, тинчлик неъмат унинг шукри эса огоҳлик десак муболаға бўлмайди.  Тинчликни асраш фақат чегара посбонлариинг ёхуд бу ишга мутасадди бўлган кишиларнинг вазифаси деган киши хато ўйлабди. Юртимиз ривожи, тараққиёти, истиқлолимизу истиқболимизга  муносиб ҳисса қўшадиган,  ватанини севадиган, киндик қони тўкилган муқаддас бу заминни ардоқлайдиган, химоя қиладиган фарзандларни тарбия қилиш барчамизнинг шу юрт олдидаги қарзимиздир.

А.Матяқубов
Урганч шахар “Кўзли ота ” масжиди имом хатиби

 

Top
Разработано с JooMix.