ИЛМ ҲАЁТИМИЗ МАЗМУНИ БЎЛСИН

Илм ҳақида, китоб мутолааси тўғрисида диний уламолар кўп ва хўп айтганларки, вақтлар ўтсада бу пурмаъно сўзлар, ул зотларнинг ҳаётий қурумлари бизларга ибрат бўлғуси.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шундай одамларни кўрганманки, улар вақтларини сизлар пулларингизни авайлаганларингиздек авайлайдилар”. Имом Абул Вафо ибн Уқайл айтадиларки:” Умримдан бир соатини ҳам бекор ўтказиш менга ҳаромдир. Агар тилим дарс қилишдан чарчаса, кўзим билан мутолаа қиламан, кўзим ҳам чарчаса, фикрим билан дарс қиламан. Ўқиган китобим ҳаёлимда гавдаланади. Саксон ёшимда ҳам йигирма ёшимдагидек илмга интиқман!”
Таассуб билан айтиш ўринлики, электрон ахборот воситалари ҳаётимизга кириб келиши баробарида нафақат ёшлар, балки катталар ҳам китоб ўқишни гўё “унутишди”. Бу билан инсон маънавий дунёсини бойитишга хизмат қиладиган китобдан узоқлашдик.
Муҳтарам Юртбошимизнинг китоб мутолаасини ҳаёт тарзимизнинг бир бўлагига айлантиришни кўзлаган тарихий фармонларидан сўнг бу борада бир қатор эзгу ишлар амалга оширилгани ва бу савобли ишлар бардавом бўлаётганини эслатган ҳолда айтиш жоизки, айнан ёшларимизни китобга қизиқтирадиган, уларга бу борада ҳам устоз, ҳам ибрат бўладиган муҳтарам муаллимларимиз меҳнатини қадрлаш орқалигина кўзланган натижаларга эришишимиз мумкинлигини ҳам унутмайлик. Фарзандларимизни ўқишга, илмга рағбатлантирадиган инсонлар муаллимлардир. Ўтган йилларда тан олиш керак, муаллимлар меҳнати қадрланмади, аксинча улар асосий ишлари бир ёқда қолиб, турли ишларга мажбуран жалб қилиндилар. Уларнинг оғир, масъулиятли меҳнатларига муносиб ҳақ тўлаш ҳам эътибордан четда қолди.
Маълумингизким, ўтган қисқа даврда муаллимлар меҳнатини қадрлаш, уларга муносиб ҳақ тўлаш борасида Юртбошимиз ташаббуслари билан кўпгина ишлар қилинди. Энг асосийси, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қатъиян тақиқланди.
Куни кеча Президентимиз таълим тизими ходимлари билан ўтказган селектор йиғилишида айтган: “Ўзбекистон шароитида бугундан бошлаб жамиятдаги энг ҳурматли инсон муаллимдир!” сўзлари ана шу эзга ишлар борасидаги энг дадил, энг керакли қадам бўлди деб баралла айтиш мумкин. Ҳар бир миллатнинг, ҳар бир давлатнинг маънавий қиёфасини белгилайдиган муаллимлар қатламига берилган эътироф, билдирилаётган ишонч, ҳеч шубҳасиз, ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол,етук инсонлар бўлиш етишишларига хизмат қилади.
Зеро, жамият тараққиётини белгилайдиган ягона мезон ҳам маънавий юксак, дунёвий ва диний билимларни пухта эгаллаган авлодни шакллантиришдир.

Х.Кенжаев
Урганч шахар бош имом хатиби.

Top
Разработано с JooMix.