ДИНИЙ МАЪРИФАТНИНГ АҲАМИЯТИ

Print

Ушбу мавзуда сўз юритишдан олдин дин сўзига таъриф берадиган бўлсак. Дин – Аллоҳ таоло томонидан инсониятга пайғамбарлар орқали билдирилган ва ваҳий йўли билан нозил қилинган амр-фармонлар ҳамда таъқиқ-огоҳлантиришлар, раҳмоний ҳукм ва илоҳий қонунлар мажмуасидир.

Ҳадиси шарифда келган маънога кўра “Дин – ислом, иймон ва эҳсоннинг йиғиндисидан иборатдир”. Энди “маърифат” сўзига келадиган бўлсак, бу сўз араб тилидаги “арафа” феълидан олинган бўлиб, луғатда “билиш, таниш, илм” деган маъноларни, истилоҳда эса, инсоннинг ўзини ва Роббисини таниш бўлиб, бунинг зидди жаҳолатдир.
Буюк маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд аҳлоқ асари”да: “Дини ва эътиқоди саломат бўлмаган кишилар ҳақни ботилдан, фойдани зарардан, оқни қорадан, яхшини ёмондан айира олмас, бундай кишилардан на ўзига ва на бошқа кишиларга ва на миллатга тариқча фойда йўқдир” дея ёзади. Ушбу сўзларнинг маъно-мазмунидан келиб чиқиб, фикр юритадиган бўлсак, Дин бизни яратган зот томонидан бизни икки дунёда саодатга етказувчи йўл бўлиб, буни англамоқ ва бунда юрмоқ учун инсонга дин илмларини, энг озида ўз бўйнидаги бандалик вазифаларини адо қилиш, қадарини билиши фарзи айн ҳисобланади.
Диний маърифатнинг аҳамияти шунчалик муҳимки, бу бизнинг икки дунёдаги саодатимизнинг асоси десак, муболаға қилмаган бўламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: “Ким ўзини таниса, батаҳқиқ Роббини танибди”, дея марҳамат қилганлар. Инсон ўзининг ким эканлигини, бу ҳаётда яшашдан мақсад нима эканлигини, ҳаётнинг мазмун-моҳияти нимадан иборат эканлигини теран англаб етар экан, у ўзини Яратган зотни таниб, Унинг олдидаги бандалик вазифалари нималар эканилигини билишга ва уларни бажаришга саъй-ҳаракат қилади.
Бугунги кундаги дунёдаги энг катта 2 та глобал муаммоларнинг асосий сабаби инсонлардаги диний маърифатнинг йўқлигидан келиб чиқмоқда. Шулардан биринчиси Ғарбдан кириб келиб, ёшлар орасида кенг тарқалаётган, аҳлоқий тубанликни тарғиб қилувчи “оммавий маданият” бўлса, иккинчиси экстремизм ва терроризм иллатларидир. Ушбу икки иллат ҳам дин илмларининг ёшларда етишмаслиги сабабидан келиб чиқмоқда. “Оммавий маданият” диний маърифатдан умуман узоқлик сабабли келиб чиқса, экстремизм эса, динни тўғри манбадан ўрганмаслик ва динни тўғри тушуниб етмаслик сабабидан келиб чиқиб, иккиси ҳам дунёдаги кўплаб жиноятларга сабаб бўлмоқда.
Жамиятшунослик илмининг таъкидлашича, жамиятда пайдо бўладиган ҳар бир муаммонинг бир неча сабаби бўлиши турган гап. Ҳеч қачон фақат биргина сабаб туфайли жамият миқёсидаги муаммо пайдо бўлмайди. Дунё ҳамжамияти учун катта муаммога айланган ушбу иккита муаммонинг ҳам пайдо бўлишида ўзига хос сабаб ва омиллари бор. Жумладан, бу муаммоларнинг айнан мусулмонлар орасида кенг тарқалаётганлигининг асосий сабаби, диний маърифатнинг йўқлигида десак адашмаган бўламиз. Ваҳоланки, бизни дунёга танитган буюк аждодларимизнинг барчалари дастлаб, диний маърифатни ўзларида хосил қилиб, ундан кейин бошқа соҳалар бўйича илмларни эгаллашган, дунё тан олган буюк кашфиётларни амалга оширишган.
Ушбу масаланинг нақадар муҳим эканлигини хис қилган ҳолда, давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳани яна ривожлантириш мақсадида 2018 йил 16 апрелда “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг қабул қилиниши ҳам фикримизнинг исботидир.
Ундан ташқари Президентимиз ташаббуслари билан 2018 йил 12 декабрь куни БМТ бош ассамблеясининг ялпи сессиясида қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясининг қабул қилиниши ҳам ушбу масалага давлатимиз томонидан нечоғлик катта эътибор қаратилаётганлигидан бир нишонадир.
Шу билан биргаликда юртимизда диний маърифатни ошириш мақсадида амалга оширилаётган улкан ишларга янги ташкил қилинган Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, 5 та диний мактаблар, “Қуръони карим ва тажвид” курслари ва шу йилдан ўз фаолиятини бошлаган Самарқанд Ҳадис илми мактабларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Ислом диничалик илму-маърифатни улуғлаган дин ёки тузум йўқдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, дедилар”. Ислом дини инсонларни бешикдан то қабргача илм излашликка, ўз билмаган нарсаларига эргашмасликка буюрган. Буни Ислом кириб борган жойлардаги илму-маърифат ва тараққиётнинг ривожланишидан билсак ҳам бўлади.
Шуларни эътиборга олиб, юртимиздаги кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда авваламбор, ўзимизнинг илму-маърифатимизни ошириб, ундан кейин ёшларимизнинг диний маърифатини оширишга, уларнинг аҳлоқан тубанлашиб кетиши ёки диний мутаассибликка берилиб, юртига ва миллатига хиёнат қилидиган аҳволга тушиб қолишининг олдини олишимиз зарур ва шартдир.

 

М.Хабибуллаев
Гурлан туман бош имом-хатиби