ОММАВИЙ МАДАНИЯТНИНГ ЁШЛАР АХЛОҚИГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ

Жаҳонда глобаллашув жараёнлари кундалик ҳаётимизга тез суръатлар билан ҳамма соҳаларда кириб келиши, ҳозирги шароитда мафкуравий таъсир кўрсатишнинг ўткир қуролига айланиб бормоқда.

Бу эса Ғарбдаги ҳар-хил сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб “оммавий маданият” деган ниқоблар остида ахлоқий беҳаёлик, индивудиализм ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйиб бошқа халқларнинг шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам кўп минг йиллик маънавий, маданий қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда.
Бундай ёвуз мақсадлар “эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида амалга оширилмоқда. Бу каби ҳаракатлар халқимизнинг муқаддас маънавий фазилатлари бўлган ибо ва ҳаё, оила муқаддаслиги каби қадриятларимизга салбий таъсир қилиши шубҳасиздир. Ҳақиқатдан ҳам “оммавий маданият” деб аталмиш ғоялар турли йўллар билан мамлакатимизга, яъни кинолар, турли хил жинсий беҳаёликни акс эттирувчи кассеталар, радио, телевидение, китоблар ва ҳатто қўл телефонларига ёзиб бериш орқали ёшларимиз онгига таъсир қилмоқда.

Бизнинг аждодларимиз қадим-қадимдан комил инсон ҳақидаги шарқона аҳлоқий мезонларни ва комил шахснинг маънавий қирраларини ишлаб чиқиб ҳалқимиз онгу тафаккурида асрлар давомида сайқал топган ору-номус, уят ва андиша, шарму-ҳаё, ибо ва иффат, камтарлик, катта-кичикларга ҳурмат каби юксак маънавий хислатлар ҳаётимизда амал қилиб келмоқда. Бундай халқимизга мос эзгу ва гўзал аҳлоқий фазилатлар муқаддас маънавий қадриятларимизнинг асл мазмунини ва моҳиятини ташкил этади. Бу каби ҳалқимизнинг гўзал миллий фазилатларимиз ўрнини ғарбона беҳаё, беибо аҳлоқий урф-одатлар эгаллашига асло йўл қўйиб бўлмайди.
Мамлакатимизда ёшлар аҳолининг энг кўп қисмини ташкил этиб турибди. Уларни “оммавий маданият” глобаллашуви даврида ғарбнинг ана шундай одатларига томон тобора тойиб кетмайди, деб ҳеч ким кафолот бера олмайди. Негаки, айрим жузъий одатга ва урфга айланган ҳолатларнинг тез илдиз отаётганини томошабин бўлганимизча кузатиб ҳам турибмиз. Олайлик оддийгина қадриятимиз-ёшларнинг маълум бир тоифаси гўзал одатимиз бўлган ўзбекона сўрашиш, саломлашиш одатининг “янги қирралари” ни аллақачон ўзлаштириб олишди. Ёш йигитчалар бошни бошга теккизиб, ҳол-аҳвол сўрашиш ҳолатини ўзларининг саломлашиш одатига айлантириб олишди. Яқин йилларда урфга айланиб қолиш эҳтимоли бўлган йигит-қизларнинг ўпишиб кўришишлари ҳозир бироз кўзга кам ташланиб қолди. Бироқ кийиниш борасида кўр-кўрона андозалар олиш ҳали ҳамон давом этяпти. Ихчамлик соддалик яхши, бироқ унинг баҳонасида юзага келаётган “мода”лар ҳам кўпчиликни ўйлантираётгани сир эмас.
“Оммавий маданият” ниқоби остидаги мураккаб мафкуравий жараёнларни чуқур илмий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиб, миллий маънавиятимиз маданиятимиз ва манфаатларимизга зид бўлган зарарли урф-одат ва мафкуравий хуружларнинг асл мақсад ва моҳиятини очиб бериш асосида, ёшларни ўзининг мустақил фикрига эга турли ибо ва ҳаёсиз маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи, ўзбек халқига хос миллий ғурурли, ватанпарвар, ғоявий чиниққан инсонлар қилиб тарбиялаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бундай вазифани бажаришга эришиш учун ҳамиша ҳушёр ва жонкуярлик ҳамда ақл-идрок билан маънавий-тарбиявий ишларни тинимсиз олиб бориш ҳар бир кишининг муқаддас бурчи бўлиб қолишини унутмаслигимиз лозим.

Султонов Ибодулло
Урганч тумани Муоз ибн Жабал масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.