СМС-ХАБАРЛАРНИНГ НОЖЎЯ ТАЪСИРИ

Аллох таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эй иймон келтирганлар!

Агар фосиқ хабар келтирилса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Демак ўзингизга етган хабарни тўғрилигига ишонч ҳосил қилмагунча, ўзгаларга тарқатишдан сақланиш лозим экан. Бугунги XXI аср–ахборот алмашинуви асрида хабарларни тез алмашиниши инсонни шошириб қўйса-да, лекин унинг ким тарафдан узатилётганлигига, нима сабабдан айтилётганлигига ва унинг мазмун-моҳиятига аҳамият бериш давр тақозосидир. Бугун техника асрида матбуот, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эълон қилинаётган ҳар бир хабарни холис деб баҳолаш қийин. Шундай экан, бу эҳтиёжлардан фойдаланишда қатъиятни ва масъулиятни унутмаслик лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапириш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, деганларидек, маълумотларни кўчириш, уни етказиш борасида ҳам, албатта динимиз кўрсатмаларига қатъий риоя қилишимиз зарур.
Аллох таоло сизу биз инсонларга буюк неъматларни инъом этган. Шулардан бири сўзлаш- нутқ қилиш ва нутқимизни ҳарфлар ёрдамида ёзиб, ифодалаш неъматидир. Ҳар бир неъматни ҳаққи бўлганидек, тил неъматининг ҳам, хат ёзиш неъматининг ҳам ҳаққи бор. Тилни хайрли ишларда ишлатиш ва ёмон ишлардан сақлаш унинг ҳаққи ҳисобланади. ёзаётган нарсаларимизни ёки ёзма тарздаги SMS ларни тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб жамият учун фойдали бўлсагина ўзгалар билан баҳам кўриш унинг ҳаққидир.
Зеро, ҳар бир неъмат устида банда масъулдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир (Қоф сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларни тилни ножойиз нарсалардан сақлашга, иложи бўлмаганда сукут қилишга буюриб: “Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, деганлар (ИмомБухорийривояти).
Тил орқали содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар жуда кўп. Жумладан – ғийбат, туҳмат, ҳақорат, чақимчилик, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, кераксиз сўзларни сўзлаш ва ҳоказолар. Шунинг учун агар инсон ўринли ва фойдали гап топа олмаса, жим туришлиги яхшидир. Ҳудди шунингдек тўғрилигига ишонч ҳосил қилмаган ҳар қандай хабарларни ёзиб SMS қилиб тарқатишдан қўлини ҳам тийиши керак. Анашунда ўзи ёлғончи бўлмайди ва жамиятга зарари тегмайди.
Демак ҳар қандай SMS хабарларни ўнгу-сўлига қарамай тарақатиш билан инсон гуноҳкор бўлади.

Б.Отохонов
Урганч тумани “Ҳазрати Шаҳобиддин бобо ” масжиди
Имом- ноиби

Top
Разработано с JooMix.