ҚИДИРҒОНИНГ БИРЛА РИЗҚИНГ ҚАДР ТОПМАС

Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг ўзигина билади, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бутун дунё тўпланиб, биргина жонзотнинг бир лаҳзалик ризқини билмоқчи бўлсалар, бунга эриша олмайдилар. Халқ ичида «ютганинг ўзингники, чайнаганинг гумон», деган нақл бор. Бу гап ризқ Аллоҳдан бошқа ҳаммага гумон эканлигини таъкидлаш учун айтилган. Кишининг оғзида чайнаб турган таоми ўзига ризқ бўладими-йўқми, била олмайди, деган маънодаги гап. Аслида бу ҳам унча аниқ ифода эмас. Ютганинг ҳам гумон бўлади. Чунки томоқдан ўтган нарсани ҳам тўлиқ ризқ бўлади, деб айта олмаймиз. Аллоҳ унинг ризқ бўлишини хоҳламаса, ўша таом заҳарга айланиб, инсонни бемор қилиши ёки ҳалок этиши мумкин. Ёки кўнгилни айнитиб, қусқи бўлиб, чиқиб кетиши мумкин. Хўш, шунчалик сир нарса инсон ҳаётига таъсир қилиши мумкинми? Йўқ, албатта!

Барча жонзотларни йўқдан бор қилган, шу жумладан, инсонни яратган Зот ҳам Аллоҳ таолодир. Унинг нутфалигидан олдин ҳам, ўлганидан кейин ҳам барча ҳолатларини аниқ биладиган Зот Аллоҳдир. Дунёдаги барча ризқларни яратган, уларни яхши ва тўлиқ биладиган, тадбирини қиладиган Зот ҳам Аллоҳдир. Бинобарин, ҳар бир инсонга қанча ва қандай ризқ тегишини ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши сир нарса эмас. Ўша ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши ҳам қийин эмас. Аллоҳнинг бу илмида мажбурлаш аломати йўқ.
Ривоят қилинишича, ҳазрат Сулаймон пайғамбар (а.с.) денгиз қирғоғида ўтирган эди. Дон кўтариб денгиз томон кетаётган чумолига кўзи тушди. Уни кузата бошлади. Чумоли денгизга етиб борди. Шунда сув ичидан бир қурбақа бошини чиқарди ва оғзини очди. Дон кўтарган чумоли унинг оғзига кириб олди. Қурбақа шу бўйи бир соатча йўқ бўлиб кетди. Сулаймон (а.с.) бу ҳолдан таажжубланиб фикр юритиб ўтирарди. Бир пайт қурбақа сувдан чиқди. Оғзини очган эди бояги чумоли чиқиб келди. Бироқ дон йўқ эди.
Шунда ҳазрат Сулаймон (а.с.) чумолини чақирди ва ундан донни нима қилгани, қаерда бўлганини сўради. “Эй Аллоҳнинг пайғамбари! – тилга кирди чумоли. – Мана шу денгиз тагида катта тош бор, унинг ичида кўр қурт яшайди. Ризқ талабида ташқарига чиқолмайди. Аллоҳ таоло унга озуқа етказишни менга, сув тубига шўнғиб, мени манзилга элтишни қурбақага вазифа қилган. Қурбақа оғзини ўша тош тешигига қўяди. Мен тешикдан ичкарига кираман. Қуртга донни бергач, яна қурбақанинг оғзига ўтиб оламан. У эса мени денгиздан ташқарига олиб чиқади”.
Ҳазрат Сулаймон (а.с.): “Ўша қуртнинг бирор тасбеҳ айтганини эшитганмисан?” деб сўради. Чумоли жавоб берди: «У мана бу дуони айтар эди: “Эй раҳмати ила мени тўлқинлар остида ётган мана бу катта тош ичида ҳам унутмайдиган Зот! Ўз раҳматинг ила мўмин бандаларингни ҳам унутмагин!»
Демак инсон ризқи қаердан берилишлигини билмас экан, фақат Аллоҳга таваккал қилиши ва ундан ризқ сўраган холатда харакатда бўлмоғи лозим экан. Энг асосий фазилатлардан бири бу-Аллоҳнинг берганига рози бўлишдир. Баъзи инсонлар ҳам орамизда борки, борига шукр қилмасдан, хаво-ю нафсига эргашиб ўзга юртларга бориб кўп пул топишни мақсад қилади. Аммо, у ерда нафс илинжида баъзи нобакорларнинг ва ақидаси бузуқларнинг мулоқотларига қулоқ солган холда, ўзи билмасдан адашиб турли йўлларга кириб кетади ва охир-оқибат у ўз ватанига ҳам хиёнат қиладиган даражага бориб қолади.
Халқимизда бир мақол бор:
Ўзга юртда шоҳ бўлгунча-ўз юртингда гадо бўл.
Бу мақол ҳам бекорга айтилмаган. Чунки, Меҳнат қилиш учун ҳорижга чиқиб кетаётганлардан иродаси бўш, диний ва дунёвий билими саёз, тор дунёқарашга эга фуқароларимизни одам садоси жиноятидан жабрланиши ва диний экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари учрамоқда.
Бугунги кунда ҳорижда меҳнат қилаётган айрим юртдошларимиз онгига ҳар бир мусулмон киши “Ҳижрат”, “Шаҳид” ва “Жиҳод” қилиш кераклиги ҳақидаги нотўғри даъват сингдирилиб, алдов йўли билан Туркия орқали Сурия ва Ироқ давлатларига олиб кетилмоқда.
Шу ўринда кўпчиликнинг атрофдаги воқеаларга бепарволиги ёки одам савдосининг кўринишлари билан боғлиқ маълумотларга эга эмаслигини муаммонинг асл сабабларидан бири сифатида кўрсатиш мумкин. Ёшларнинг оддийгина алдовларга учиб, мўмай даромад ҳақидаги пуч ваъдага ишониб, ҳорижда иш топаман деб, ҳаётини хавф остига қўяётгани ачинарли ҳол.
Одам савдоси жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори, чунки у, инсон соғлиги, ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига тажовуз этади, ёшлар маънавияти, ахлоқини бузади.
Юртимизда жуда кўплаб иш ўринлари яратилмоқда. Ҳар кимнинг эртанги куни, тақдири ўз қўлида. Хушёр ва огоҳ бўлайлик, пуч ваъдаларга ишониб, алданиб қолмаслигимиз учун барчамиз доимо огох ва хушёр бўлиб, юртимизда берилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланишимиз лозим.

 

Р.Отажанов
Янгиариқ туман бош имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.