САВДОДА ОМОНАТДОР БЎЛАЙЛИК

Ислом дини одамлар ўртасидаги турли-туман муносабат ва муомалаларда ҳамиша адолат, инсоф ва ҳалоллик бўлишини талаб этади. Бу муносабатлардан бири савдо-сотиқдир.Аллоҳ таоло ўз бандаларини ўзаро савдо-сотиқ ва олди-бердиларда харидор ҳаққига риоя қилиш, тарозу ва ўлчовларда ўзгалар ҳақига хиёнат қилмасликка буюрган. Қуръони каримнинг бир қанча оятларида савдо-сотиқдаги ҳалоллик, тароз ва ўлчовлардан уриб қолмаслик ва харидор ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлардан бири эканлиги таъкидланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Мутоффифун яъни тарозидан уриб қолувчилар номли сура нозил қилган бўлиб, 1-3-оятларида шундай марҳамат қилади: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!

Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир”. Ислом шариати ҳалол касб билан ҳаёт кечиришга буюради. Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг муборак ҳадисларида ҳалол касб билан бола-чақа боқиш кўп бора таъкидланган. Ояти каримада шундай марҳамат қилинади:“Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва агар Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар, У зотга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят). Касбларнинг ичида ҳалол-покизаси бўлганидек, ҳаром-нопоклари ҳам бўлади. Лекин қуръоний оятлар ва набавий ҳадислар касб ҳалол бўлишига, ризқланиш воситаси покиза бўлишига чақиради. Инфоқ эҳсонларни ҳам ҳалол йўл билан топилган нарсалардан бўлишига тарғиб қилади. Қуръони каримда ризқ покизалиги, касб покизалиги ва инфоқу эҳсонлар покизалиги кўп марта зикр қилинган. Бу бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло покдир, покиза амалларнигина қабул қилади. Ҳалолу пок нарсалардан ризқланган фарзандларнинг ҳидоятга мойил бўлишлари осон бўлади. Ҳалолу пок нарсалардан ризқланган кишининг дуоси ҳам мустажоб дуолардан бўлади. Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда савдогарларни қайта-қайта ҳалол савдо қилишга чақирилиши бежиз эмас. Чунки савдода икки томон – сотувчи ва харидор рози бўлмаса, олди-сотти ҳалол ҳисобланмайди. Шуайбнинг (алайҳиссалом) қавми тарозу ва бошқа ўлчовларда бир-бирига ҳиёнат қиларди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло уларнинг қилмишига яраша балолар юборган. Суддий (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келган вақтларида у ерда Абу Жуҳайна исмли киши бор эди. Унинг иккита микёли (ўлчов асбоби) бўлиб, бирида одамларга ўлчаб берар, иккинчиси билан ўзига ўлчаб оларди. Унинг бу одати қанчалик ёмон экани ҳақида Қурони каримда шундай ҳабар берилган: “Улар (ўлгандан кейтин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми?! Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутаффифун, 4–6). Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни ҳисобот бериш учун одамлар Аллоҳнинг ҳузурида ярим кун, яъни беш юз йил туриб қоладилар. Лекин бу муддат мўминларга нисбатан қуёшнинг оғишига тенг қисқа фурсат ичида ўтади”, дейилган. Лекин бировнинг ҳаққига хиёнат қилган киши гарчи мўмин бўлса ҳам ҳисоб-китоби оғир кечиши бошқа ҳадисларда баён этилган. Маоз ибн Жабалдан (розийалоҳу анҳу) шундай ривоят қилинади: “У зот : “Эй Аллоҳнинг расули “Албатта ажрим куни (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақтдир” ояти борасида менга ҳам хабар беринг”, деганларида Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва саллам) “Эй Маоз ибн Жабал, албатта, улуғ ишдан сўз очдинг”, деб икки кўзлари ёшланган ҳолда ерга қарадилар. Кейин “Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоатидан ажратиб, суратларини ўзгартириб умматимдан ўнта синфни қайта тирилтиради”, дедиларда “Улар ичида ҳаром егувчиларни тўнғиз суратида қайта тирилади”, деб марҳамат қилдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида ушбу оятни ўқидим:»Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар» (Бақара, 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди: – Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин. – Эй Саъд, – дедилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), – луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир».(Табароний ривояти). Шундай экан, луқмамиз ҳалол бўлишига жиддий эътибор беришимиз мақсадга мувофиқдир. Набий (алайҳиссалом) ўз умматларини ҳалол касб орқали ризқланишга чақирганлар. Кўплаб ҳадиси шарифларда бу нарса ўз аксини топган. Жумладан, ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар: “Киши ўз қўл меҳнати билан топган нарсасидан кўра яхшироқ ва покизароқ ризқ топмайди” (Ибн Можа ривояти). Ушбу ҳадисда шунга ишора борки, гоҳо кишига ҳеч қандай меҳнатсиз, на жисмоний, на ақлий зўриқишсиз ризқ, мол-дунё келиб қолиши мумкин, лекин шундай бўлса-да киши ризқланадиган нарсанинг энг афзали у хоҳ ақлий бўлсин, хоҳ жисмоний бўлсин, қандайдир меҳнат эвазига келадиган ризқ экан.

Ф.Бобожонов Қўшкўпир тумани “Ҳазрати иморат бобо” масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.