ФИТНА ЧИҚАРУВЧИЛАРГА МУНОСАБАТ

 Ҳар бир мусулмон турли фитна-фасод ишлардан, бузғунчилик, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан сақланиши фарз ҳисобланади. Аллоҳ таола инсон зотига сон-саноқсиз неъматларни ато қилган. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси 18-оятида: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир”, дейилган. Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг наъматларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Мустақиллик, тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаёт Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан ҳисобланади. Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик оқимлар мана шу неъматларга путур етказиш учун инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш орқали ҳар хил фитналарни келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 191-оятида: “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…”дейилган. Бугунги кундаги экстремистик ва террористик оқимларнинг фаолияти ва ғоялари ҳар хил бўлсада мақсадлари бир хил, тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаётга путур етказиш, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш ва ўзларининг ҳокимятини ўрнатиш каби фитнадан иборат. Ислом таълимотида бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш жуда оғир гуноҳ ҳисобланади. Ислом-инсонпарвар дин бўлиб, унда бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳоланади. Жумладан, Аллоҳ таоло Моида сурасининг 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган ( ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”. Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган обидларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоотларни вайрон қилишдан тортиб экинзор, дарахтларнинг йўқ қилиниши ҳам қатъий таъқиқланган. Аммо кўряпмизки, бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ҳамда вайронкорлик ишларини амалга оширмоқдалар. Аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бўлган урушлардан бирида душман томонидаги бир аёл ўлдирилгани Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда ғазаблантирган эди. У Зот: “Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир у урушмаганди-ку”, деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган эканлар. Исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг ёмон кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшиликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” –деганлар. (Имом Муслим ривояти) Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкилишлар содир этилмоқда. Шундай мудҳиш воқеаларнининг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг ҳам қалбини ларзага солмоқда. Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва фитналардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғоялари ҳисобланади. Шундагина ёш авлодларимиз ҳар хил ёт ғоя ва фитналарга берилмайдилар. Аллоҳ таоло бу жаннатмакон юртимизни турли ғаразгўй кучларнинг фитналаридан Ўзи сақласин. Тинчлигимиз бардавом бўлсин!

Т.Вайисов Урганч туман “Қамбар бобо” масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.