ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Ислом динида оиланинг мукаддаслиги маънавияти ва маданияти асрлар давомда бардавом бўлиб келмоқда. Ватанга, ота-онага хизмат қилишлик ва фидойилик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Булар заминида ёшларга бўладиган таълим-тарбия ва маҳаллалардаги ҳар бир қария ва отахонларимиз масъул эканлигини эсдан чиқармаслигимиз керак. Шунинг билан биргаликда фарзанд тарбиясидаги энг муҳим омил бу – ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи, уларнинг фарзандига қилган эътибори. Халқимизда шундай мақол борки “Қуш уясида кўрганини қилади”, хақиқатан ҳам ҳар бир оила соғлом бўладиган бўлса, фарзандлари таълим–тарбияли, одоб-ахлоқли бўладиган бўлса ана шундай оила мустахкам ва фаровон турмуш кечиради. Катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат, ота-онанинг оиладаги юкори мавқеи, аёлларнинг ҳаёю-ибоси, никоҳнинг муқаддаслиги, ота-оналарнинг фарзандлар олдидидаги ҳамда фарзандларнинг ота-оналар олдидаги бурчи ва масъулиятини мухим кадрият сифатида хис этиб яшамоқлиги, оила шаъни ва обрўсини асраб-авайламоқлиги, келин ва қайнона муносабати ўзиги хослиги, катта оилаларда бобо ва бувиларнинг рахнамолиги, қариндошлар, қўни-қўшнилар, махалладаги нуроний

отахонларнинг ўзбек оиласига хос хусусиятлари замирида муқадддас динимизнинг таълимоти ётади. Дунёда ота-она улуғ зот ҳисобланади, чунки улар фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бериб, фарзанди катта бўлиб оила қуриб кетгандан кейин хам улар ҳақида қайғуришдан тўхтамайдилар. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб катта қилади, касал бўлса даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб оқ тарайди, умуман фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга харакат қилади. Хаттоки ота-оналар бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш шу каби нарсалардан махрум бўлсалар ҳам фарзандларини бахти ва умрларини хайрли амалларга сарфлашликлари билан харакатда бўладилар. Мана шу ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради. Нафақат умри давомида, балки вафотидан кейин охиратда ҳам манфаат келтиради. Зеро, ҳадиси шарифда: “Банда гўзал хулқи ила кечалари ибодатда қоим бўлувчи ҳамда кундузи рўза тутувчининг даражаси – савобига эришади”, дейилган. Баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?! Фарзандларимизнинг бўш вақтларида нима билан шуғулланмоқлиги, куни билан вақтини нималарга сарфлаяпти, уйдаги телевизор ёки компютерда нималарни томоша қилаяпти, кўчада кимлар билан дўст бўлиб, улар билан вақтини қандай ўтказмоқда?! Бундай ишларда фарзандни назоратсиз қолдириш мумкин эмас. Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўззахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам жаннатга етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги керак. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади. А.Усмонов Боғот туман “Иморат бобо” масжиди имом-ноиби  

Top
Разработано с JooMix.