ОНА ЮРТ ҚАДРИНИ БИЛМОҚЛИК ЗАРУР

Одатда лоқайднинг калласини, тарозунинг палласига қиёслашади. У ким нима деса ишонаверади, ўз фикрига эга эмас. Бундай одам ёмон ниятли душманга жуда қўл келади. Лоқайд одамга дўстнинг ҳам, душманнинг ҳам аҳамияти йўқ. Бугунги ўта мураккаб ва таҳликали даврда лақмалик ҳам, лоқайдлик ҳам, жамиятдаги тинч осуда ҳаётга, хавфсизликка зарар етказади. Ақл бўй билан эмас ўй билан ўлчанганидек, ҳар бир инсон ақл билан идрок этиб, ҳаётда ҳушёр бўлган тақдирдагина бугунги тинчликнинг қадрига етади. Мустақиллик йилларида тадбиркорлик ва хусусий бизнесга катта эътибор қаратилиб ёшларни иш билан таъминлашга қаратилга бир қанча эркинликлар қонунлар билан белгилаб берилган. Жумладан, оилавий бизнесни ташкил қилиш тўғрисидаги қонун уйда ўтирган аёлларни ҳам иш билан таъминлашга имкониятлар яратиб бермоқда. Бунинг натижасида ишлаб чиқаришлар ривожланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички бозорларни тўлдириб, балки, ташқи бозорларга экспорт қилиниб, мамлакатимизнинг иқтисодини кундан-кунга ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шундай бир ҳолатда бу ерда топиб юрганига қаноат қилмасдан ўзга

ерларни орзу қилиб, хорижга кетиб, турли қийинчиликларга гирифтор бўлиб юрганларнинг сони анча. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб марҳамат қилган. Агар инсон ўз юртида ишласа ҳам Аллоҳ таоло шу ризқни беради. Кўпчилик четга чиқиб пул топиб келишлари масалани фақат бир томонини, яъни моддий томонини ҳисобга олишмоқда холос. Лекин улар энг зарарли, маънавий-тарбиявий томонига эътибор бермаяптилар. Бу эса уларнинг оиласига салбий ҳолатларни олиб келишига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Бугун айниқса, вояга етмаган ёшлар одобсиз, аҳлоқсиз, тарбиясиз бўлиб вояга етмоқдалар. Чунки бундай ёшларнинг ота-онаси ҳам ўзга юртларда пул топиш илинжида бўлиб, фарзанд тарбияси, илм олиши, касб-ҳунарли бўлиши ҳақида ўйламаяптилар. Мана шу масалани ҳаммамиз яхши англаб олишимиз керак. Чунки бизнинг ризқимиз минг ҳаракат қилмайлик, тақдирда белгиланганидан ортиб ёки камайиб қолмайди. Шу ўринда машҳур мутасаввуф шоир Сўфи Оллоёрнинг:
Қидирғон бирла ризқинг қадри тошмас,
Кетар қадринг қадардин харгиз ошмас,
-деган ҳикматомуз сўзларини келтириш ўринлидир. Бундан ташқари ўзга юртларда норасмий ишлаётганларнинг меҳнат шароитлари, ҳаёт фаолиятлари кафолатланмаган. Бундан ташқари ёшлар ичида ёт ғоялар таъсирига тушиб, туғилиб ўсган киндик қони тўкилган ватанига қарши чиқиб ватангадо бўлиб юрганлари қанча? Буларнинг салбий оқибатлари тўғрисида мисоллар келтирсак жуда кўп. Албатта, мана шу маълумотлардан кўриниб турибдики моддий манфаатдорликдан маънавий зарарнинг салмоғи катта, шунинг билан биргаликда кўрилган моддий зарарни қоплашни имконияти бўлади, аммо маънавий зарарни қоплашнинг имконияти йўқ. Шу ўринда Абдулла Авлонийнинг “ Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё саодат, ё фалокат, масаласидир” деб айтган сўзлари бугунги кун авлоди учун қай даражада қимматли эканига яна бир бор иқрор бўламиз.

 

И.Отажанов
Ҳазорасп тумани “Султон Хубби” масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.