ТИНЧЛИК БЕБАХО НЕЪМАТ

Баъзи кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар.

Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тан соғлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган бу нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар.
Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро, неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи «Мунъим» (Аллоҳ)нинг шукрини адо этиш демакдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйюнганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора килганлар. Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маънавий неъматлар эса имон, ислом, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойидир. Болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир. Сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи, тинчлиги йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш тинчликка интилиш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, тинчликни неъмат билади, хатто ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда ватанини ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу тинчлик туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.
Ҳар куни уч маҳал дастурхон атрофида жам бўламиз. Юзимизга фотиҳа тортишдан аввал “тинчлик ҳотиржамлик бер!” деб яратгандан умид қиламиз. Кимдир бу калимани астойдил юракдан айтади. Кимдир бепарво пичирлайди. Ҳудо эса “мажҳул қалбнинг дуосини қаул қилмаслиги” тўғрисида ҳадиси шариф ворид бўлган. Шунинг учун биринчи айтар сўзим шу: Азизлар дуони чин дилдан қилайлик, тинчлик-омонликнинг бардавом бўлишини залил бўлиб, хор бўлиб сўрайлик. Шояд дуоларимиз ижобат бўлса…
Эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш, ер юзида тинчликнинг барқарор бўлишида бош омилдир. Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни сақлаш ҳар-бир кишининг олий даражадаги бурчи, вазифаси бўлмоғи лозим. Ислом динида Ватанга, эл-юртга садоқат тушунчаси кенг улуғланади. Бу муқаддас заминда ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Ҳар биримиз хуқуқ ва эркинликларга эга бўлишимиз билан бирга, зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак.

А.Абдримов
Янгиариқ тумани “Саид Абдулло румий” масжиди
имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.