УЛАМОЛАР ОРТИДАН ЁМОН ГУМОН ҚИЛИШ ГУНОХИ АЪЗИМДИР

Аллоҳ таоло инсонга кўпдан кўп неъматларини ато этган. Улуғ неъматлардан бири тил инсонга Аллоҳни зикр этиш, Қуръон тиловат қилиш, инсонларни тўғри йўлига чақириш ва Аллоҳ рози бўладиган ўринда ишлатиш учун берилган.

 

Тил – инсоннинг жисмонан кичик аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан  эътиборга молик аъзосидир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ таоло : “Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!” дейди. (Балад, 8-9 оятлар).

Шундай экан, тилнинг фойдаси билан бирга хатари ҳам жуда катта эканини унутмаслик лозим бўлади.Ҳадиси шарифда шундай дейилган, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сукут сақласа, нажот топади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунча, унинг имони тўғри бўлмайди. Уни тили тўғри бўлмагунча, қалби ҳам тўғри бўлмайди. Унинг ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши эса жаннатга кирмайди”, дедилар”. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга чиққанимда, мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари ва кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Шунда мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?”, дедим. У: “Булар (дунёда) одамларнинг ғийбат қилиб гўёки уларни гўштларини еб,обрўларини тўкадиганлар”, деди” дедилар.“Ғийбатнинг гуноҳи кабира эканида ихтилоф йўқдир, шунинг учун ғийбат қилган киши Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиши лозим”, деганлар.

Шунингдек, баъзи инсонларни ғийбат қилиш бошқа инсонларни ғийбат қилишдан кўра гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Яъни, Аллоҳ таолонинг дўстлари бўлган уламоларни ғийбат қилишнинг гуноҳи жуда ҳам оғир бўлгани учун Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг: “Уламоларнинг гўшти заҳарлидир!-деганлар. Яъни, оддий одамларни ғийбат қилган инсон гуноҳи кабира орттиради, бу гуноҳининг жазосини охиратда албатта тотади. Ҳа, инсон заҳарланган гўштни еб ўлгани каби, уламоларни ғийбат қилган киши ҳам дунё ва охиратини барбод қилади.

Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. Зеро,  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни мана шу нарсадан огоҳлантириб шундай деганлар:  “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг ҳасаноти ҳақдорга олиб берилади. Агар ҳасанотлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади”(Муттафақун алайҳ)

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ ғийбат ҳақида: “Аниқ гап шуки, ғийбат гуноҳи кабира. Агар бир ғийбатчидан азиятланиш ниҳоят даражада кам бўлса, у гуноҳи сағира бўлади”, деганлар. Яъни, ғийбат қилинган киши ўзи борасида қилинган ғийбатни эшитган чоғда хафа бўлмай, бепарво қараса, мазкур ғийбат гуноҳи сағира бўлади.

Абдуллоҳ ибн Муборак Суфёни Саврийга айтибдилар: “Абу Ҳанифа бунчалар ғийбатдан узоқ, ҳаттоки душманини ҳам ғийбат қилмайдия, чунки у киши ақлли, ўзидан ҳасанотни кетказишни хоҳламайдиларда» дедилар. Чунки инсон гапирдими хато қилиш эҳтимоли кўпаяди, кераксиз гап гуноҳ бўлиши тайин, демак у иложини борича жим турса , фақат ўзига керакли гапни гапирса, савобли гапларни гапирса, ана ўша одам нажот топади.

Ғийбат қилувчи киши золим, ғийбат қилинган эса мазлум бўлади. Аллоҳ таоло қиёмат куни банда билан банданинг ўртасидаги тушмайди ва ўз ҳолида қолдиради. Яъни, золимнинг савобидан мазлумга олиб берилади ёки мазлумнинг гуноҳларидан золимга юклатилади. Банда қиёмат куни ўзининг дунёда қилган яхши амалларини ўзга кишининг номаи аъмолида, айниқса, дунёда ўзи ёқтирмай, ўзи ғийбат қилган кишининг номаи аъмолида кўриши қанчалар аянчлидир.

Аввал ўтган уламолар ва улардан кейин келганлар аҳли хайр ва асардирлар. Аҳли фиқҳ ва назардирлар. Фақат гўзал зикр (васф) ила эсланурлар. Ким уларни ёмонлик ила эсласа, йўлдан озибдир. Шарҳ: Яъни саҳоба ва тобеъинлардан бўлган уламолар хайр, ҳақ ва саодат аҳлидирлар. Динни нақл қилувчилар, Аллоҳнинг Китобини, Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини элтувчилардир.

Шунингдек, улар фуқаҳо, нассларга (яъни шаръий матнларга) ва шаръий манфаатларга назар солувчилардир. Улар фақат гўзал мақтов ила эсланурлар. Ким уларни ёмонлик ва қабоҳат билан ёдга олса, ундай одам мўминлар йўлида эмас. Далил эса бу турур: “Ким ўзига ҳидоят равшан бўлганидан кейин Расулга мухолифлик қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонига қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритиб, куйдирамиз. У қандай ҳам ёмон борар жой!” (Нисо сураси, 115-оят). Мўминларнинг йўли салаф уламоларга муҳаббат қилишдир. “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Асрларнинг яхшиси менинг асримдир. Сўнгра ундан кейин келадиганлари. Сўнгра ундан кейин келадиганлари…” деганлар (Аҳмад, Бухорий, Муслим ва Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

Салафи солиҳ уламоларнинг барчалари Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш вожиблигига шубҳасиз иттифоқ қилганлар. Мазкур гуноҳлар сабабидан ҳозирги кунда турли азоблар содир бўлмоқда. Бир шаҳарни ер ютган, бир шаҳарда қаттиқ шамол, яна бирида қаҳатчилик бўлган, баъзи жойларда сув йўқ, бошқа жойларда эса сув ҳаддан ошиб кетган, бир жой қаҳратон совуқ бўлса, бошқасида жазирама иссиқ. Баъзи жойларда одамлар кўп ҳалок бўляпти, баъзи жойда бўрон бўлмоқда, яна баъзи жойларга ўт кетяпти, баъзи жойларда қаттиқ шамол ҳали пишиб етилмаган меваларни дарахтлардан тўкиб юбормоқда.

Буларнинг барчасига бизнинг ғийбат сингари гуноҳларимиз сабабдир. Хаммамиз бу ишларнинг барчасидан тавба қилишлари лозим. Ибодат ва яхши ишлардан чарчасалар ҳам, ғийбат қилишдан чарчамайдилар. Шунинг учун қилган баъзи дуолари ҳам қабул бўлмайди. Мусулмон шахснинг зиммасида вожиб бўлган нарсалардан бири Ислом уламоларини ҳурмат қилиш, солиҳ инсонларга муҳаббатли бўлишдир. Ислом шариати айнан ушбу муҳаббат ва ҳурматни ҳаддидан ошмаслик ҳамда сусткашлик қилмаслик шарти ила касб этиш лозимлигини уқтиради. Шубҳасиз, айнан уламоларни ва солиҳ инсонларни масхара қилиш, уларни камситиш, иймон тақозо қилган ҳурмат ҳамда муҳаббатга зид ахлоқ ҳисобланади. Истеҳзо камситишнинг бир туридир. Бу тўғрида Аллох тало шундай дейди. Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”. ( “Тавба” сураси, 65-66-оятлар) Имом Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Дарҳақиқат, истеҳзо, пастга уриш, камситиш ва айб-нуқсонлар устидан кулиш орқали танбеҳ бериш гоҳ иш-ҳаракат, гоҳ сўз, гоҳида эса имо ишора билан ҳам бўлади. Истеҳзонинг асли енгилтакликдан келиб чиққан. Араблар туянинг тезлаб, енгил югуриб кетишига шу истеҳзо калимасини қўллашади. Уламолар истеҳзонинг истилоҳида аҳли илм ва солиҳ зотларни истеҳзо қилиш кофирларнинг сифатларидан ҳамда мунофиқларнинг хислатларидан эканини алоҳида таъкидлашаган.

Бунга Аллоҳ таолонинг бир неча оятлари очиқ ишора қилади Истеҳзонинг истеъмолидан асосан Исломга душман бўлган гуруҳлар ва уларнинг Ислом уммати орасига кириб олган “дум”лари фойдаланишади. Улар мусулмон уламоларни масхара қилиш сиёсатини қадимдан амалга ошириб келишади. Бу услуб билан мусулмон умматнинг қалбида илм улуғворлигини кетказишни хоҳлашади. Бунга эса уламоларни камситиш орқали эришишни исташади.барча дин уламоларини, бу ўринда мусулмон уламоларни, камситиш, таҳқирлаш, ҳайбатини йўққа чиқариш, туҳмат ва бўҳтонлар орқали гапларини қадрсиз ҳолга келтиришга уриниш сионизм даҳоларининг муҳим кўрсатмаларидан бири экан. Туҳматлар асоссиз бўлса-да тарқатилаверилса, ҳеч бўлмаганда уларнинг таъсиридан айрим эътиборли олимлар ёмонотлиққа чиқиб қолади. Ҳаётимизда бу услубга ўзи билиб-билмай хизмат қилаётган ақли калта бир қанча ёш ва ғўр мусулмонларни кузатиб турибмиз. Айрим ўринларда ўша ақли ноқис болапақирлар очиқчасига уммат эҳтиром қиладиган уламоларнинг номини айтиб, ижтимойи тармоқларда билиб билмай музокара қилиш натижасида уламоларни ёмон отлиқ қилиб  фаҳш ишларга фатво берган дея ёзмоқдалар. Бу ишларини амалга оширар эканлар, бўйинларига “ҳақни гапиряпмиз” деган шиорни осиб олишган.  Жоҳилнинг ҳақни айтяпман дейиши эса туғма кўрнинг: “Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!” – дейишига ўхшаб қолади.

Ижтимоий тармоқларда, дунё оммавий ахборот воситаларида эътиборли инсонларни очиқчасига бўҳтон, туҳмат ва ҳақорат қилаётганларга Шариатимиз масхара, истеҳзо, камситиш, таҳқирлаш каби мазаммат қилинган сифатларни қоралар экан, булар орқали юзага чиқадиган худди шундай салбий вазиятларнинг олдини олган бўламиз.

Ислом шиорларини ҳазил қилиб устидан кулиш, истеҳзо этиш, камситиш эса иймонга зид амалдир. Шу ўринда уламоларни, илмни камситиш, беҳурмат қилиш ҳам куфр амаллари жумласидан саналади. Чунки Илм Аллоҳнинг сифатларидан биридир. Уламоларни истеҳзо қилиш, солиҳ инсонларни камситиш, уларнинг илми ва салоҳиятини таҳқирлаш ҳақиқатда Аллоҳнинг оятларини таҳқирлаш, шариатнинг устидан кулишдир. Шунинг учун ҳам салафларимиз бу маънога ишора қилиб: “Олимларни ёмон кўриш нифоқдир, уларни сўкиш ва масхаралаш куфрдир”, – дейишган. Афсуски, ушбу разил сифатлар ўзларини мусулмон дейдиган айрим тўдалар орасида анча урчиб қолди. Демак, бу муаммонинг биринчи навбатдаги ечими маърифатни ўстириш билан бўлса, иккинчи навбатда, жоҳилларнинг ўзлари билмаган илмий баҳсларга аралашишларининг олдини олиш ва бунинг учун жиддийроқ ёндашиш лозим.

Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодат давридаги таълимлари муаммо туғдирмайдиган таълим системасига айланди. Йигирма уч йилда саҳро бадавийларидан дунёни забт этадиган оламшумул зиёлиларни етиштириб чиқардилар. Қийинчиликлар, тазйиқлар,  бу таълимнинг олдига тўсиқ бўла олмади. «Умар ибн Хаттобнинг минбарда туриб: «Ушбу уммат учун энг кўп қўрқадиган хавфли нарсам илмли мунофиқдир», – деганлар. Одамлар: «Эй мўминларнинг амири, мунофиқ қандай қилиб илмли бўлади?» – дедилар. «Тили илмли бўлади, қалби ва амали жоҳил бўлади», –  деди».

Демак, шу ўринда илмга амал қилиш масаласи ҳам муҳим экани кўрилмоқда. Яъни илмли инсон ўз илмига амал қилиши лозим. Лекин бу ерда бир нозик нуқтага эътибор қаратиш керак. Яъни илмли инсон илмига амал қилиши, жоҳил инсон эса маърифат ўрганмоғи зарурдир Ҳаргиз жоҳил инсонлар илм аҳлининг устидан тафтиш механизмини қуришга уринмаслиги керак. Чунки жоҳилнинг жаҳолати ҳақнинг аслини англашга имкон бермайди. Ҳақиқатнинг соҳиби ёлғиз Аллоҳдир. Ҳеч ким мутлақ ҳақиқатга соҳиб эканини даъво қила олмайди. Балки ҳар кимнинг ҳақиқат борасида ўз илмига яраша тушунчалари бўлади. Яъни ҳар ким ҳақиқатга соҳиб эмас, балки ҳақиқат борасидаги тушунчаларга соҳиб! Шундай экан, ҳақиқат борасида олимларнинг тушунчалари жоҳилларникидан кўра ҳаққа яқинроқ бўлади ва шунинг учун ҳам олимларга эргашиш бошқалар учун вожибдир!”

Ҳозирги кунимизда динимизни яхши ўрганмаган, устозлардан етарли дарс олмаган, диний ўқув муассасаларида таҳсил олмаган ўзбошимча кишилар ўзларига турли ишларни раво кўрмоқдалар. Жиҳод ва халифалик эълон қилишдан тортиб, мўмин-мусулмонларни фосиқ, бидъатчи, кофирга чиқариш, уларни қатл қилишга фатво бериш ва бошқа бедодликларни амалга оширмоқдалар. Ўзларича баъзи нарсаларни чала билиб олган чаласаводлар мазҳаббоши имомларни, катта мужтаҳидларни, забардаст уламоларни «Уни билмайди, буни билмайди», – дея танқид қилишгача бориб етмоқдалар.Улар ўзбошимчалик билан турли гап-сўзлар, фатволар тарқатиб, оддий мўмин-мусулмонларнинг бошларини айлантирмоқдалар. Мазкур нусхалар бу борада имконлари борича барча воситалардан фойдаланмоқдалар. Интернетдаги ижтимоий тармоқларга уя қуриб олган ғаламислар. Содда одамлар эса уларнинг гапларига ишонмоқдалар.

Ҳозирги ўта нозик вазият ҳар бир мусулмондан хҳушёрликни, огоҳликни талаб қилади. Бу каби нусхаларга аввало: «Ўзинг кимсан? Қаерда, кимдан илм ўргангансан? Шаҳодатноманг борми?» – деган саволлар билан мурожаат қилиш лозим.

Аҳли илмлар ҳам бу соҳада фаол бўлишлари, кишиларнинг диний илмлар борасидаги эҳтиёжларини турли воситалар билан қондиришга ҳаракат қилишлари лозим. Иғвогарларнинг оғзига уриш, уларнинг нотўғри гапларига илмли равишда, далил-ҳужжатлар асосида раддия бериш, кўпчиликка уларнинг кирдикорларини фош қилиш лозим. Токи ҳамма улуғ динимиз уламоларимиз ҳақида тўғри маълумотга эга бўлсин!”

 

                                   Х.Матяқубов

                                                                       Хонқа туман бош имом-хатиби  

Top
Разработано с JooMix.