ОГОҲ БЎЛГАН АБГОР БЎЛМАС

Глобаллашув–кишилик жамиятидаги махаллий аҳамиятга молик маданий, ахборот, иқтисодий, геосиёсий маконларнинг бир тизимга бирлашуви жараёни экан, ундан икки хил мақсадда – эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин.

Эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келган. Айниқса, бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда.  Ёшлар турли воситалар орқали қабул қилаётган ахборотлар юқорида айтилганидек, эзгуликка хизмат қилиши билан бир қаторда, жамиятни таназзулга олиб келиши ҳам мумкин.  Бу каби ҳолатларни огоҳликни қўлдан берган кўплаб жамият ва халқлар мисолида кўришимиз мумкин.

Аллоҳ таоло энг сўнги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Ислом динининг асосий манбаи бўлмиш Қуръони карим ва суннатларда ҳам биз мўъмин-мусулмонларни дунё ва охиратимиз учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳлантирган. Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй, инсонлар! Мен сизлар учун аниқ огоҳлантирувчидирман, холос, – деб айтинг», (Ҳаж сураси, 49-оят) – дейилган оятда у Зотни «Назийр», яъни «қўрқитувчи», «огоҳлантирувчи» номи билан аталишлари ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният жаҳолат ботқоғига ғарқ бўлиб, инсонийлик қиёфасини йўқотиб бораётган бир даврда пайғамбар бўлиб келдилар ва одамларни олдиларида турган хатардан, яъни дунёдаги турли бало ва офат ҳамда охиратдаги оташи дўззахдан огоҳлантирдилар.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар билан боқади, келиши мумкин бўлган хавфу хатарни келмасидан олдин бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил ва бепарво бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор қаратмай, охир оқибат турли хил бало ва офатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси хақида қайғурмайдиган кимсаларни: «…Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар». Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир»,– деган (Аъроф сураси, 179-оят). 

Динимизда огоҳлик мадҳ қилинади ва лоқайдлик қораланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “(Ухлашдан олдин) эшикни қулфланглар, мешнинг оғзини боғланглар, идишнинг устини ёпинглар ёки ўраб қўйинглар ва чироқни ўчиринглар.” Бу ҳадиси шарифда кундалик ҳаётимизда туғиладиган хавфлардан, яъни, ўғри хавфидан, соғлиққа зарарли нарсалардан,  ёнғин хавфидан огоҳ бўлишга тарғиб бор. Демак, динимизда инсонга майда кўринган нарсаларданки  огоҳ бўлишга буюрилган экан, тинчлигимизга, ижтимоий ҳаётимизга, эътиқодимизга, бирдамлигимизга қаратилган таҳдидлардан огоҳ бўлиш зарурати ниҳоятда зарурлиги аён бўлади.

Xалқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, ер юзида йилига кўплаб террорчилик ҳаракатлари содир этилади. Бундай ҳаракатлар оқибатида 70 мингдан ортиқ одам ҳаётдан бевақт кўз юмади. Ачинарлиси, улардан 80 фоизини вояга етмаган ёшлар ташкил этади. Биргина шу рақамнинг ўзиёқ диний экстремизмнинг, терроризмнинг  оқибати, жамият тараққиётига таҳдидини намоён қилиб турибди.

Огоҳ бўлишимиз лозим бўлган таҳдидлар, диний экстремизм ва терроризм, миссионерлик ва “оммавий маданият”, гиёҳвандлик ва одам савдоси, назоратсиз қолдирилган ёшлар тарафидан содир қилинадиган жиноятлар ва  бошқа хатарлар киради.

Кейинги бир ярим йил давомида юртимизда амалга оширилган ислоҳотларда ҳалқимизнинг бир асрлик орзулари амалга ошди десак муболаға бўлмайди. Шундай бўлса ҳам, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган бўҳтонлар огоҳлигимизни янада ошириш лозимлигини яққол кўрсатиб турибди. Халқимизда “Огоҳ бўлган абгор бўлмас” дея бежиз айтилмаган.

Азизлар, огоҳ бўлайлик, неъматларнинг шукрини адо қилайлик берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб,  абгор бўлишдан сақланайлик. Огоҳликни  бой бериб қўйиб, абгор бўлганлар қисмати бизга ибрат бўлсин.

                                                                                              Х.Адамбоев.

                                                                       Янгибозор тумани бош имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.